Ўзбекистон Республикаси Конституцияга мувофиқ Ўзбекистон– суверен демократик республика. Демократик республика бошқарув шаклини танлаган мамлакатларда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи ҳисобланиб, давлат ҳокимияти органлари даврий асосда ўтказиладиган сайловлар орқали шакллантирилади.

Сайлов бу – давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканликларини таъминловчи қадриятдир.

Сайлов – фуқароларни танлаш ҳамда ўтган давр мобайнида ўтказилган ислоҳотларга муносабат билдириш имконияти, давлат ҳокимияти органларини шакллантириш воситаси, сайлов натижасида келгусидаги мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ бўлади.

Тарихдан маълумки танлов, рақобат имконияти бўлмаган жойда эркин ва адолатли сайлов бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам халқаро ҳужжатларда давлатлар эркин ва адолатли, барча учун тенг шароитлар яратилган, очиқ ва ошкора сайлов ўтказиш мажбуриятини ўз зиммаларига олган.

Сайловларни ўтказиш демократия қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўзаро боғлиқлигига таянади. Қонун устувор бўлмаган жамиятда инсон ҳуқуқи ҳам, халқ ҳокимиятчилиги ҳам бўлмайди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича конференциясининг Копенгаген кенгаши ҳужжатида давлатлар инсонларнинг эркин сайловлар
ва қонун устунлиги асосида демократик жамият қуриш ҳақида умумий қарорга келганликларини маъқуллашлари белгиланган.

Мамлакатимиз Конституцияси ва Сайлов кодексида сайловлар оқилона муддат бўлмиш – ҳар беш йилда ўтказилиши, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эркин билдирилиши кафолатлаб қўйилган. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Копенгаген ҳужжатининг 6-бандига кўра, давлатлар ўз фуқароларининг бевосита ёки ҳақиқий сайлов жараёнида ўзлари эркин сайлайдиган вакиллар орқали мамлакатни бошқаришда қатнашиш ҳуқуқларини ҳурмат қиладилар.

Мамлакатимиз Асосий қонунига кўра фуқаролар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонун 4-моддасига кўра мамлакатимизда фуқароларнинг сиёсий ёки давлат лавозимларига эришишда партияга аъзолиги бўйича устунлик ёки чеклаш амалга оширилмайди.

Бу йилги сайловларнинг аввалги сайловлардан фарқли жиҳати шундаки, давлат чет элдаги фуқароларимизнинг сайлов ҳуқуқларини кафолатлаб, сайловчиларни олдиндан электрон рўйхатдан ўрин олиши учун http://saylov.mfa.uz/ орқали  мурожаат қилиш  имкониятини яратди. Агар авваллари чет элда яшаётган фуқароларимизни фақат консулллик ҳисобида турганларигина овоз бериш ҳуқуқига эга бўлсалар, эндиликда хорижда вақтинча ёки доимий яшаётган фуқаролар, уларнинг мурожаатларига асосан хориждаги сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади.

Копенгаген ҳужжатининг 7.2-бандига кўра давлатлар миллий қонун чиқарувчи органнинг ҳеч бўлмаса бир палатасидаги ҳамма мандатлар умумхалқ сайлови жараёнида номзодлар эркин тортишувининг объекти бўлишига йўл қўядилар, катта ёшдаги фуқароларга умумий ва тенг сайлов ҳуқуқини кафолатлайдилар.

Сайлов кодексига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг барча, яъни бир юз эллик депутати умумхалқ сайлови асосида тўғридан-тўғри сайловларда, кўппартиявийлик асосида фуқаролар томонидан бевосита сайланадилар.

Сайлов куни 18 ёшга тўлган барча фуқаролар сайлаш ҳуқуқига эга бўлиб, фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадирлар.

Биргина гендер масаласига тўхталадиган бўлсак, бу йилги сайловларда кўрсатилган 750 номзоднинг 310 нафари ёки 41,3 фоизи хотин-қизлардир. Бу 2014 йилнинг декабрида ўтган парламент сайловларидагидан қарийб 10 фоиз (31,8) кўпдир. Номзодлар сафида ёш, навқирон авлод вакиллари илгаргига нисбатан сезиларли даражада кўпайган. 25-40 ёшлар орасидагилар  – 32,2  фоизни ташкил қилади.

Сайлов кодексимизга асосан аввал қонунчилигимизда бўлмаган имконият, яъни ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Копенгаген ҳужжатининг 7.4-бандига кўра ҳар бир мамлакат овоз бериш яширин ўтказилишини ёки эркин овоз беришга тенг келадиган тартибот қўлланилишини ва овозларни ҳисоблаш ҳамда бу ҳақдаги ахборот ҳаққоний бўлишини, унинг расмий якунлари эса матбуотда эълон қилинишини таъминлайди.

Мамлакатимиз Конституцияси ва Сайлов кодексида сайлов яширин овоз бериш орқали ўтказилиши, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмаслиги, яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланиши кафолатлаб қўйилган.

Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Бунинг учун участка сайлов комиссияси овоз бериш биноларида яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланишини таъминлайди. Кузатувчилар сайлов участкасида ҳозир бўлиб, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини кузатиш орқали жамоатчилик назоратини таъминлашлари мумкин.

Сайловчининг турган жойида овоз беришида ҳам сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилиши таъминланади.

Кодексда овозларни ҳисоблаш бўйича ҳар бир ҳаракатни амалга ошириш тартиби аниқ белгилаб қўйилганлиги, коллегиал тарзда, очиқ ва ошкора қарор қабул қилиниши, баённома ўқиб эшиттирилиши ҳамда унинг кўчирма нусхаси участка сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга дарҳол осиб қўйилиши, сиёсий партиянинг ваколатли вакили, кузатувчилар баённоманинг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли эканлиги, сайлов якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилиниши белгилаб қўйилгани, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинишини овозларни ҳисоблаш ҳамда бу ҳақдаги ахборот ҳаққоний бўлишини кафолати сифатида келтириб ўтиш мумкин.

Сайлов кодексида кўзда тутилган Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати бир сайловчининг икки марта овоз бериш ҳолатларини олдини олиш, сайлов участкаларига тегишлилиги бўйича сайловчилар рўйхатининг аниқ киритилишини кафолатидир.

Копенгаген ҳужжатининг 7.6-бандига кўра давлатлар алоҳида шахсларнинг ёки шахслар гуруҳларининг тўла эркинлик шароитида ўз сиёсий партияларини ёки бошқа сиёсий ташкилотларни тузиш ҳуқуқини ҳурмат қиладилар ҳамда бундай сиёсий партиялар ва ташкилотларга ҳуқуқ ва давлат органлари олдида тенглик асосида, бир-бири билан мусобақалашиш имконини берувчи зарур юридик кафолатлар берадилар.

Асосий қонунимизнинг 34-моддасига асосан фуқаролар сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонун 3,5-моддаларига кўра сиёсий партиялар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш мақсадида, хоҳиш-иродани эркин билдириш, партияга ихтиёрий равишда кириш ва ундан чиқиш, аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги, ўзини ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик асосида тузилади ва фаолият кўрсатади.

Давлат сиёсий партиялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофаза этилишини кафолатлайди, уставда белгиланган ўз мақсадлари ва вазифаларини бажаришлари учун уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Сиёсий партиялар қонунга асосан сайлаб қўйиладиган давлат органларидаги ўз вакиллари орқали тегишли қарорларни тайёрлашда иштирок этиш, қонунда белгилаб қўйилган тартибда давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиш каби ҳуқуқларга эга.

Сайлов кодексига асосан парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар кўппартиявийлик асосида ўтказилади. Жорий йил  15 октябрда  барча сиёсий партияларга Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида қатнашишига ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Копенгаген ҳужжатининг 7.8-бандига кўра давлатлар оммавий ахборот воситаларидан монеликсиз фойдалана олиш учун сайлов жараёнида иштирок этишни хоҳловчи барча сиёсий гуруҳлар ва алоҳида шахсларга камситмаслик асосида қандайдир юридик ёки маъмурий тўсиқлар ўрнатилмаслигини таъминлайдилар.

Номзодларга, сиёсий партияларга Сайлов кодексининг 46-моддасига кўраташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин. Нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Копенгаген ҳужжатининг 8-бандига кўра давлатлар ҳам хорижий, ҳам миллий кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши сайлов ўтказиладиган давлат учун сайлов жараёнининг обрўсини ошириши мумкин, деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун улар ЕХҲТда иштирок этувчи ҳар қандай бошқа давлатдан ҳамда қандай тегишли муассаса ва ташкилотлардан кузатувчиларни қонун йўл қўядиган даражада миллий сайлов боришини кузатиш учун таклиф қиладилар.

Сайлов кодексининг 8-моддасига кўра сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Марказий сайлов комиссияси халқаро ташкилотларни, чет давлатларнинг сайлов органларини ва вакилларини сайловларни кузатиш учун таклиф этади.

Бу йилги сайловларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган 57 давлатдан 250 нафарга яқин қисқа муддатли, 30 нафар узоқ муддатли, шунингдек, бошқа давлат ва халқаро ташкилотлардан 300 га яқин, жами 600 нафардан зиёд кузатувчи иштирок этиши кутилмоқда.

Юқоридагиларни барчаси юртимизда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи бўлиб, фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришдаиштирок этишларининг зарур юридик кафолатлар яратилганлигидан, Ўзбекистоннинг халқаро ҳужжатлар доирасида олган мажбуриятларига масъуллиги ҳамда умумэътироф этилган демократик тамойилларга содиқлигидан далолат беради.

 

М.Рустамбаев,

Ўзбекистон Республикаси

Миллий гвардияси

Ҳарбий-техник институти

бошлиғи, ю.ф.д, профессор