Ўзбекистон ва Япония экологик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон вa Япония ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарор инфратузилма вa яшил технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган «Ўзбекистонда икки томонлама ҳамкорлик орқали барқарор ривожланишни рағбатлантириш» мавзусидаги Ўзбекистон–Япония экологик бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг давлат органлари, халқаро ташкилотлар, бизнес доиралари ва етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди. Мавзули сессиялар доирасида икки мамлакат давлат тузилмалари ва компаниялари вакиллари экологик кун тартибининг асосий йўналишлари бўйича лойиҳалар ва технологик ечимларни тақдим этди. Хусусан, ҳаво ва сув ресурслари сифатини мониторинг қилиш ва бошқариш, чиқиндиларни бошқаришнинг замонавий тизимини ривожлантириш, шунингдек иқлим ўзгариши соҳасидаги ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Форум Ўзбекистон делегацияси ва япон компаниялари вакиллари ўртасида G2G, G2B ва B2B форматларида ўтказилган икки томонлама учрашувлар билан якунланди. Ушбу учрашувлар тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини ўрнатиш, қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилди.
Зиёвуддин Нуриддинов, Дониёр Якубов, ЎзА