Ўзбекистон – Тожикистон: Яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва иттифоқчиликка таянган шерикликнинг янги босқичи

Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари сўнгги йилларда оддий яхши қўшничиликдан институционал жиҳатдан мустаҳкам поғонага кўтарилди. Бундай ижобий ўзгаришнинг энг муҳим шарти 2025 йил 31 март куни Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома кучга кирганидир. Ўша куни ташқи ишлар вазирлари ратификация ёрлиқларини алмашган эдилар.
Бу ҳужжат ўзаро муносабатни фақат сиёсий ишонч ёки дипломатик яқинлик доирасида эмас, балки узоқ муддатли хавфсизлик, иқтисодий кооперация ва минтақавий мувофиқлашув мантиғи асосида ҳам қайта белгилади. Яъни, бугунги ўзбек-тожик алоқалари муаммоларни бартараф этиш босқичидан ўтиб бўлиб, умумий кун тартибини бирга шакллантириш босқичига кирган. 2025 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда икки давлат раҳбарлари муносабатларни дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик мантиғида янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилгани бежиз эмас.
Савдо динамикаси
Икки давлат муносабатларидаги энг кўзга кўринган ўзгаришлардан бири савдо кўрсаткичларида намоён бўлмоқда. 2021 йил Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “2017 йилдаги 70 миллион долларлик икки томонлама товар айланмаси 2020 йил илк бор 500 миллион долларга етди”, дея таъкидлаган эди. Бу баёнот муносабатлардаги бурилиш нуқтасини аниқ ифодалайди.

2025 йил якуни эса бу тенденция тўхтаб қолмагани, аксинча янада мустаҳкамланганини кўрсатди. Тожикистон Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотига кўра, январь-декабрь ойларида Тожикистоннинг Ўзбекистонга экспорти 275,8 миллион доллар, Ўзбекистондан импорти 442,6 миллион доллар бўлган. Шу жадвалдан товар айланмаси 718,3 миллион долларга етганини кўриш мумкин. Айни пайт 2024 йилга нисбатан 122,5 фоиз ўсиш қайд этилган.
Бу рақамлар оддий статистика эмас, балки муҳим хулоса. Биринчидан, иқтисодий яқинлашув аллақачон барқарор анъанага айланган. Иккинчидан, савдо ҳажми ўсиши ҳануз улкан захира мавжудлигини ҳам англатади.
Статистикада яна бир муҳим жиҳат кўзга ташланади. 2025 йил Ўзбекистон Тожикистон экспортида 11,1 фоиз улуш билан асосий бозорлардан бири бўлган. Демак, Ўзбекистон Тожикистон учун фақат қўшни эмас, балки амалий ташқи иқтисодий таянч нуқталаридан бирига айланмоқда.
Бинобарин, 718,3 миллион долларлик кўрсаткич ҳали икки давлат иқтисодий салоҳиятига тўла мос эмас. Бу ерда масала фақат товар ҳажми ёки тузилмасида эмас. Ҳозирги босқичда икки томонлама савдода хомашё, озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари, саноат ва истеъмол товарлари муҳим ўрин тутади. Бошқача айтганда, савдо ўсган, аммо юқори қўшилган қийматли саноат маҳсулотлари улуши ҳали етарли даражага чиқмаган. Шу маънода кейинги босқичнинг асосий вазифаси товар айланмасини механик равишда ошириш эмас, балки сифатни ўзгартиришдан иборат.
Бу нуқтаи назар 2025 йил июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Президентининг Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашувида ҳам очиқ айтилди. Ўшанда саноат, энергетика, электротехника, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилаётгани қайд этилди ва янги иқтисодий шериклик кун тартибини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

Демак, икки томонлама муносабат ҳозир шундай нуқтага келдики, энди савдо статистикасининг ўзи етарли эмас. Келгуси босқичда қайси тармоқларда биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши, қайси корхоналар қўшма кластер шаклида ишлаши, қайси маҳсулотлар учинчи бозорларга биргаликда чиқарилиши ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Чуқур интеграция айнан шу нуқтаан бошланади.
Рақамдан амалиётга ўтиш
Охирги йилларда ўзбек-тожик муносабатларида саноат кооперацияси тобора кўпроқ тилга олинаётгани бежиз эмас. Аввал урғу транзит, чегара ва савдо эркинлашувига берилган бўлса, энди қўшма ишлаб чиқариш, инвестиция ва тармоқлараро боғлиқлик масаласи кун тартибига чиқиб улгурган.
2024 йил апрель ойида Душанбе шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон –Тожикистон инвестиция бизнес-форуми шу тенденциянинг амалий ифодаси бўлди. Ўзбекистон ҳукумат портали маълумотига кўра, 600 дан ортиқ бизнес ва идора вакиллари қатнашган анжуманда ҳамкорликнинг стратегик даражаси алоҳида таъкидланган. Ўша хабарда сўнгги саккиз йиллик ўзаро савдо 2023 йил 750 миллион долларгача ўсгани, йил бошида яна 40 фоизлик ўсиш қайд этилгани ҳам айтилган.
Тожикистон расмий манбаларида ҳам саноат кооперациясига ўтилаётгани таъкидланади. Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг 2025 йил апрель ойида янгиланган икки томонлама муносабатлар ҳақидаги маълумотида 2024 йилги давлат ташрифи чоғида Зарафшон дарёсидаги икки гидроэлектр станция қурилиши бўйича қўшма лойиҳа амалга оширила бошлагани таъкидланган. Шунингдек, 2025 йил март ойида Тожикистон Президенти расмий ахборотида “Сўғдметалл” металлургия корхонаси ташкил этилиши савдо-иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамлангани самараси сифатида қайд этилди.
Бу мисоллар бир нарсани англатади: ҳамкорлик энди фақат бир-биридан сотиб олиш эмас, балки биргаликда ишлаб чиқариш шаклига ўта бошлаган. Таҳлилий нуқтаи назардан энг муҳим ўзгариш ҳам шу, чунки қўшма корхона ва қўшма инфратузилма пайдо бўлса, муносабатлар сиёсий жараёнга камроқ боғлиқ бўлади, иқтисодий манфаатлар узоқ муддатли шерикликни таъминлайди.
Географиядан геоиқтисодиётга ўтиш
Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларини чуқур тушуниш учун транспорт ва чегара масаласига алоҳида эътибор қаратиш керак. Айниқса сўнгги йиллардаги энг муҳим ўзгариш чегарани муаммо эмас, ресурс сифатида кўриш мантиғи шакллангани билан боғлиқ.
2025 йил 31 март куни Хўжандда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари уч давлат чегаралари туташган нуқта бўйича тарихий шартномани имзоладилар. Қўшма декларация қабул қилиб, Дўстлик стеласини очдилар. Учрашувда яна бир муҳим тезис айтилди. Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан савдо айланмаси сўнгги йилларда ўн баробар ошган ва бу ҳажмнинг деярли ярми чегара ҳудудларига тўғри келади. Шунинг учун божхона постларини комплекс модернизация қилиш, замонавий савдо-логистика инфратузилмасини яратиш, доимий кўргазма-ярмарка майдонига эга уч томонлама савдо платформасини ташкил этиш таклиф қилинди. Ўзаро рейслар сонини кўпайтириш, чегара ҳудудларидаги шаҳарлар ўртасида янги автобус йўналишларини очиш бўйича келишувга эришилгани ҳам маълум қилинди.
Бу нима учун муҳим? Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларининг кейинги ўсиш нуқтаси айнан чегара ҳудудларида. Катта пойтахт дипломатияси стратегик фон яратади, лекин савдо, кичик бизнес, хизмат, туризм ва меҳнат ҳаракатининг ҳақиқий драйвери чегара олди ҳудудлардир. Айнан шу ерда логистика арзонлашса, ҳаракат осонлашса, икки томонлама иқтисодий интеграцияда сифат ўзгариши юз беради.
Энг сезгир соҳадан прагматик шерикликка
Энергетика Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларида энг кўп сиёсий баҳс уйғотган соҳалардан бири. Шунинг учун айни йўналишдаги ҳозирги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Бу ишонч тикланганининг энг муҳим индикаторларидан бири ҳам.
Тожикистон ТИВ маълумотига кўра, 2024 йилги олий даражадаги ташриф давомида икки давлат Зарафшон дарёсида икки гидроэлектр станцияси қурилиши бўйича қўшма лойиҳа амалга оширила бошлаган. Бу ерда гап шунчаки энергетика инвестицияси эмас, балки сув-энергетика масаласидаги ёндашув ўзгаргани ҳақида кетмоқда. Илгари зиддият манбаи бўлган ресурс эндиликда қўшма капитал ва умумий манфаат нуқтасига айлана бошлади. Бундан ташқари “Барқи тожик” компанияси расмий ахборотига кўра, Тожикистоннинг Марказий Осиё ягона энергетика тизимига қайта уланиши лойиҳасининг мақсади давлатларимиз ўртасида электр энергияси алмашинувини таъминлаш мақсадига ҳам йўналтирилган. Лойиҳа доирасида 220 ва 500 киловольтли уланиш нуқталарида замонавий ускуналар ўрнатилиши, тармоқлар синхрон ишлаши ва тизим ишончлилиги оширилиши кўзда тутилган.
Бу ерда яна бир муҳим геоиқтисодий ўлчам бор. 2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистон расмий манбаларида Зарафшон дарёсидаги гидроэнергетика лойиҳалари ва Баҳри Тожик сув омборининг вегетация даврида мувофиқлаштирилган иш режими ҳақида сўз борди. Бу эса энергетика, сув ва қишлоқ хўжалиги манфаатлари алоҳида-алоҳида эмас, балки бир-бирига боғлиқ тизим сифатида кўрилаётганини англатади.
CASA-1000 лойиҳасига келсак, Ўзбекистон ташаббуснинг бевосита иштирокчиси бўлмаса-да, мазкур лойиҳа Тожикистонни жанубий йўналишдаги электр экспортига боғлайдиган катта инфратузилма сифатида бутун минтақа, жумладан Ўзбекистон учун ҳам янги энергетика географиясини яратади. Шу боис Ўзбекистон – Тожикистон энергетика ҳамкорлигига минтақада янги электр бозори шаклланишининг ташқи омили сифатида ҳам қараш тўғрироқ бўлади. Бу фарқни аниқ белгилаш жуда муҳим.
Маданий-гуманитар алоқалар
Икки томонлама муносабатнинг мустаҳкамлиги фақат Президентлар учрашуви ёки савдо жадвали эмас, балки оддий одамлар даражасидаги алоқалар қанчалик барқарорлиги билан ҳам ўлчанади. Шу нуқтаи назардан маданий-гуманитар йўналиш ўзбек-тожик муносабатларида иккинчи даражали соҳа эмас, балки сиёсий ишончни жамият даражасига туширадиган асосий механизмга айланмоқда.
2025 йил март ойида Хўжанддаги тадбирлар чоғида Шавкат Мирзиёев ҳар йили Наврўз байрами кунларида чегара ҳудудларида қўшма дўстлик концертлари ва фестиваллари ўтказишни таклиф қилди. Ўша куни давлат раҳбарлари иштирок этган қўшма концертда эса чегаралар энди биродарлик чизиғи, янги имкониятлар ва интеграция макони экани алоҳида таъкидланди.
Туризм соҳасида ҳам бу тенденция аниқ кўзга ташланяпти. Ўзбекистон Туризм қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йил апрель ойида Хўжандда ўтган минтақавий туризм форумида “Фарғона водийсининг олтин туристик ҳалқаси” ва “Наврўз – Марказий Осиё қалбида” каби қўшма йўналишлар муҳокама қилинган. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонни боғлайдиган бу маршрутлар амалда ўзбек-тожик гуманитар ҳамкорлигини янада чуқурлаштиради. Тарихий меросни биргаликда тарғиб қилиш, кичик бизнесни жалб қилиш ва чегара ҳудудларини иқтисодий фаол ҳудудга айлантириш имконини беради.
Шу маънода маданий-гуманитар алоқалар бугун рамзий эмас, амалий вазифани ҳам бажармоқда.
Икки томонлама муносабатдан минтақавий моделга
Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларининг аҳамиятини фақат икки давлат доирасида баҳолаш етарли эмас. Бу шериклик Марказий Осиёдаги янги минтақавий тартибнинг таянч унсурларидан бирига айланмоқда. 2025 йил 31 мартда уч давлат чегаралари туташган нуқта бўйича шартнома имзоланиши ва Хўжанд декларацияси қабул қилиниши бутун минтақа учун рамзий ва амалий аҳамиятга эга бўлди.
Бунинг геосиёсий маъноси шундаки, Марказий Осиёда олдин хавф манбаи бўлиб кўрилган масалалар – чегара, сув, транзит, энергия эндиликда ҳамкорлик инфратузилмасига айлантирилмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон ана шу ўтиш жараёни марказида турибди. Агар икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик шартномаси сиёсий каркас бўлса, савдо ўсиши иқтисодий мазмун, энергетика ва транспорт ҳамкорлиги эса амалий механизм ҳисобланади.
Шу боис Ўзбекистон – Тожикистон шериклигининг келажаги кўпроқ бир саволга боғлиқ: икки давлат сиёсий яқинликни қанчалик тез институционал ва тармоқлар интеграцияга айлантира олади? Ҳозирча кузатилаётган фактлар шуни кўрсатмоқдаки, Тошкент ва Душанбе бу йўлдан орқага эмас, айнан олдинга ҳаракат қилмоқда.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА