Ўзбекистон 100 000 нафар ҳинд сайёҳини жалб қилишни кўзламоқда

15

Ўзбекистон Ҳиндистонни ўсиш бўйича устувор бозор сифатида билади. Мамлакатимизда инфратузилмани янгилаш, авиақатновларни кучайтириш ва фаол савдо ҳамкорлигига асосланган глобал туризмни кенгайтириш стратегияси жадаллашмоқда. Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасининг Маркетинг бошқармаси бошлиғи Азиз Миржалилов Деҳлида бўиб ўтган халқаро кўргазманинг Ўзбекистон павильонида сўзлаган нутқида Тошкентнинг Жанубий Осиёдан ташриф буюрувчилар сонини ошириш режаларида Ҳиндистон марказий ўрин тутишини таъкидлади. Бунда чуқур тарихий алоқалар ва географик яқинликка таянилади.

Деҳли ва Тошкент ўртасидаги парвоз тахминан икки соат давом этади, бу кўрсаткич Ҳиндистоннинг ички қатновлари вақти билан бир хил. Ҳозирда ҳафтасига 13 та тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилган. Ўзбекистон ўзини Марказий Осиёдаги асосий транспорт хаби сифатида намоён қилаётган бир пайтда, талабни қондириш учун бу кўрсаткични янада ошириш талаб этилади.

Мамлакатимизнинг туризм соҳаси сўнгги ўн йил ичида кескин ўсди: халқаро сайёҳлар оқими 2016 йилдаги 2 миллиондан ўтган йили қарийб 12 миллионга етди. Туризм ҳукумат даражасида стратегик устувор йўналиш деб белгилангани сабабли, Ўзбекистон келгуси йилларда 20 миллион сайёҳни жалб қилишни мақсад қилган. Бу эса меҳмонхоналар, транспорт тармоқлари ва ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш соҳасига йирик сармоялар киритилишига сабаб бўлмоқда. Йилига 30 миллиондан ортиқ фуқароси чет элга саёҳат қиладиган Ҳиндистон юқори салоҳиятли бозор ҳисобланади. Ўтган йили Ўзбекистон 80 мингга яқин ҳинд сайёҳини қабул қилди ва жорий йилда бу кўрсаткични камида 100 мингга етказиш режалаштирилган. Тарихий мерос туризми ҳамон Ўзбекистоннинг энг кучли йўналиши бўлиб қолсада, расмийлар ҳинд сайёҳлари учун таклифларни диверсификация қилмоқда. Мамлакатда 8000 дан ортиқ тарихий обидалар мавжуд бўлиб, улардан 250 таси ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби шаҳарларда жойлашган — бу масканлар узоқ вақтдан бери цивилизациялар чорраҳаси деб ҳисобланади.

Юртимизда маданий туризмдан ташқари, MICE (учрашувлар, халқаро конференция ва кўргазмалар), тўй туризми, кинотуризм, соғломлаштириш ва таълим туризми йўналишларини фаол ривожлантирмоқда. Қолаверса, ҳозирда кўплаб ҳинд талабалари Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. MICE сегментини қўллаб-қувватлаш учун йирик конвенция инфратузилмаси, жумладан, Тошкентдаги иншоотлар ва Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм маркази барпо этилди. Ушбу марказ Конгресс маркази, кўргазма майдонлари, бир нечта премиум меҳмонхоналар ва янги қурилган «Боқий шаҳар» мажмуасини ўз ичига олади.

Саёҳатни осонлаштириш учун Ўзбекистон виза режимини либераллаштириш ва меҳмонхона бизнеси, жумладан, Ҳиндистон бренди остидаги меҳмонхоналар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Тошкент халқаро аэропортидан бир соатлик масофада жойлашган «Амирсой» курорти каби йўналишлар ҳам чартер рейслар ва мавсумий нарх стратегиялари орқали тарғиб қилинмоқда. Ҳиндистон туризм бозори билан алоқалар роудшоулар, танишув сафарлари, B2B платформалари ва вебинарлар орқали кенгайтирилди.

Қўшни Марказий Осиё давлатлари асосий бозор бўлиб қолсада, Ўзбекистонга Россия, Европа, АҚШ ва Жануби-Шарқий Осиёдан ҳам сайёҳлар оқими ошди. Малайзия, Индонезия ва Туркия, шунингдек, мамлакатдаги буддавийлик мероси ёдгорликларига қизиқувчи Шарқий Осиё давлатларидан ҳам қизиқиш ортиб бормоқда. Ҳукуматнинг доимий қўллаб-қувватлаши ва кенгайиб бораётган инфратузилма туфайли, Ўзбекистон ҳинд сайёҳлари учун яқин масофадаги истиқболли халқаро йўналиш сифатида намоён бўлмоқда.

ЎзА