Ўзбекистон ва Қозоғистон: сув соҳасида янги ҳамкорлик босқичи

13

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари трансчегаравий сув объектларидан биргаликда фойдаланиш ва уларни бошқариш тўғрисидаги Битимни амалга ошириш учун зарур ички давлат тартиб-таомиллари мамлакатимиз томонидан якунланди. Бу қадам икки давлат ўртасида сув ресурсларидан самарали ва барқарор фойдаланишни таъминлашга қаратилган амалий ҳамкорликнинг янги босқичини белгилайди.

Мазкур ҳужжат 2025 йил 15 ноябрда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида имзоланган. У трансчегаравий сув объектларини бошқаришда тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳавий идоралар ўртасидаги ўзаро муносабатларни такомиллаштириш ва икки давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўлида сув ресурсларидан фойдаланишни оптималлаштиришга қаратилган.

Ушбу ҳужжатнинг кучга кириши учун 2026 йил 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-88-сон қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев таъкидлаганидек, Қозоғистон билан ҳамкорлик нафақат икки давлат, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун ҳам стратегик аҳамиятга эга.

– Сув ресурслари соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатларимиз ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашда муҳим омил. Бу халқларимиз фаровонлиги, барқарорлик ва сув хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади, – дея таъкидлайди вазир.

Экспертларнинг фикрига кўра, трансчегаравий сув ресурсларини самарали бошқариш доимий мулоқот, ўзаро тушуниш ва умумий масъулиятни талаб қилади. Шу сабабли, томонлар ҳамкорлиги оқилона сувдан фойдаланиш, табиий экотизимларни сақлаш ва барқарор инфратузилмани ривожлантиришда конструктив намуна бўлиб хизмат қилади. Иқлим ўзгариши ва сувга бўлган босим ортиб бораётган ҳозирги шароитда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш янада муҳим.

Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-таомилларининг мамлакатимиз томонидан якунланиши сув соҳасида конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни изчил ривожлантиришга бўлган содиқлигини тасдиқлайди. Ҳужжатни амалга ошириш соҳавий тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаш, ахборот алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришда шаффофлик ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА