“Эл-юрт умиди” стипендиати ўз мажбуриятини бажармаса, унга сарфланган маблағлар ундирилади

4

Мамлакатимизда иқтидорли ёшлар ва мутахассисларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда таҳсил олишини таъминлаш, давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ва уларнинг хорижда мақсадли стажировкалардан ўтишини ташкил этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, иқтидорли ёшлар ва мутахассисларнинг хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа ташкилотларда таълим олишини ташкил этиш мақсадида 2018 йилда Президент фармони билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилган эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги мазкур жамғарма томонидан иқтидорли ёшлар танлаб олиниб, улар хорижий нуфузли университетларда давлат ҳисобидан таълим олиши учун стипендия берилади.

Стипендиатлар бакалавриат, магистратура, докторантура босқичларида ўқиши мумкин. Стипендиатлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бугунги кунда улар 45 га яқин давлатга ўқишга юборилган.

Президентимизнинг 2021 йилдаги тегишли қарорига асосан стипендиатлар билан тўрт томонлама шартнома тузилади. Стипендиатлар бу шартномага амал қилиши лозим. Шунингдек, таълимни тугатгандан кейин стипендиат Ўзбекистонга қайтиб келиши, бир неча йил давлат ёки миллий ташкилотларда ишлаш мажбурияти мавжуд.

Аммо амалда айрим стипендиатлар Ўзбекистонга қайтиб келмаяпти. Бу эса улар учун сарфланган давлат бюджети маблағларини ундиришни тақозо этади.

Қуйи палата мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айнан шу масалаларга оид.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларининг мажбуриятларини аниқ белгилаш, жамғарма томонидан сарфланган маблағларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво киритишда давлат божини тўлашдан озод қилишни назарда тутувчи нормани киритиш таклиф этилмоқда.

Яъни, энди стипендиат ўз мажбуриятларини бажармаса, Жамғарма унинг учун сарфланган маблағларни суд орқали ундириб олиши мумкин ва бунда Жамғарма давлат божи тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, лойиҳада идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартибини соддалаштириш ҳамда муддатларни қисқартириш назарда тутиляпти. Хусусан, бундай ҳужжатлар лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси муддатини 10 кун этиб белгилаш, 5 кун ичида таклиф келиб тушмаган тақдирда лойиҳани ҳуқуқий экспертизага киритиш имкониятини бериш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддати амалдаги 30 кундан 20 кунга қисқартирилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,  

Носир Ҳайдаров (сурат),

ЎзА