Ўзбекистон – Италия: ноёб ва технологик металлар соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

4

Сўнгги йилларда юртимизда тоғ-кон саноати ва геология соҳасини модернизация қилиш, ноёб ҳамда технологик металлар қазиб олиш ва қайта ишлашни кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Мамлакатда мавжуд табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда йирик халқаро компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш ушбу йўналишдаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Соҳага инвестициялар жалб этиш, илғор тажрибани ўрганиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга.

Шу доирада Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Италиянинг “Technip Energies” инжиниринг компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Дастлаб учрашувда Ўзбекистоннинг ноёб ва технологик металлар соҳасидаги салоҳияти, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда истиқболли лойиҳалар ҳақида тақдимот ўтказилди. Хусусан, мамлакатдаги минерал ресурслар базасини янада кенгайтириш, уларни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар давомида томонлар халқаро стандартлар асосида янги саноат лойиҳаларини амалга ошириш, инновацион технологиялардан фойдаланиш ва илғор муҳандислик ечимларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, тоғ-кон саноати ва геология соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, лойиҳаларни амалга оширишда замонавий инжиниринг ечимларидан фойдаланиш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Учрашувда Италиянинг “Technip Energies” инжиниринг компанияси вакиллари ўз навбатида компаниянинг халқаро тажрибаси, йирик саноат ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишдаги имкониятлари ҳамда инновацион технологиялари ҳақида маълумот берди. Компания дунёдаги қатор йирик саноат объектларини лойиҳалаш, муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш борасида катта тажрибага эга экани таъкидланди.

Мулоқот якунида томонлар келгусида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ҳамда соҳада илғор технологияларни жорий этиш бўйича алоқаларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди. Бу каби учрашувлар мамлакатда тоғ-кон саноати ва технологик металлар соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА