Кўргазмада хотин-қизлар ижоди ўз ифодасини топди

Аёлларнинг санъат ва ҳунармандчилик соҳасидаги ижодий ишларини кенг жамоатчиликка таништириш, уларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан «Гўзаллик жилваси» номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазмада таниқли рассом ва ҳунарманд аёлларнинг асарлари жамланган бўлиб, Ўзбекистон рассомлари ижодий уюшмаси аъзолари Гулсовур Сапарбоева, Перуза Хўжаметова, Қанша Камолова, Азиза Тилеумуратова, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Айнура Сапекеева, шунингдек, Наталья Кхан, Гулойим Қобулбековаларнинг турли жанрдаги 35 дан ортиқ асарлари кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади. Экспозицияда тасвирий санъат, ҳунармандчилик ва бошқа бадиий жанрдаги асарларни кўриш мумкин.
Асарларда муаллифларнинг ўзига хос ижодий изланишлари, эстетик дунёқараши ва санъатга бўлган чексиз муҳаббати яққол намоён бўлади.

Қувонарлиси, сўнгги йилларда санъат соҳасида ижодкор аёллар сони ортиб бормоқда, уларнинг санъат оламида фаол ўрин эгаллаётгани яққол кўзга ташланмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
М.Ҳабибуллаевнинг олган суратлари.