Ўзбекистон – Ўмон: транспорт ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда

9

Глобал иқтисодий жараёнда транспорт йўлаклари халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, янги бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтиришда ҳал қилувчи омилга айланмоқда.

Шу нуқтаи назардан Марказий Осиёнинг йирик давлати сифатида Ўзбекистон ва Яқин Шарқда муҳим логистика марказларидан бири бўлган Ўмон Султонлиги ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Икки мамлакатнинг транспорт ва логистика соҳасидаги ташаббуслари минтақалар ўртасидаги савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, янги транзит йўналишларини шакллантириш ҳамда халқаро юк ташиш тизимини диверсификация қилиш мақсадларини кўзлайди.

“Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби аъзоси Сабина Латипова ўз таҳлилида дастлаб Ўзбекистон ва Ўмон муносабатлари тарихий, маданий ва иқтисодий алоқаларга таянишига эътибор қаратган. Сўнгги йилларда бу ҳамкорлик янги мазмун билан бойиди. Томонлар айниқса транспорт ва логистика соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга устувор аҳамият беряпти. Айни жараён Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини ошириш, минтақавий савдо йўлакларини диверсификация қилиш ва халқаро логистика тармоғини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Жорий йил 15-17 февраль кунлари Ўмон Султонлиги транспорт, алоқа ва ахборот технологиялари вазири ўринбосари Ҳамис Ал-Шаммахий бошчилигидаги делегация мамлакатимизга келди. Мазкур расмий ташриф доирасида 16 февраль куни мамлакатимиз транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Ўмон делегацияси вакиллари билан учрашди.

Музокара чоғида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Хусусан Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон транспорт йўлаги доирасидаги ҳамкорлик, шунингдек “Ашхобод келишуви” асосида амалга оширилаётган ташаббуслар диққат марказида бўлди. Томонлар фуқаро авиацияси соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш имкониятини ҳам кўриб чиқдилар.

Шунингдек, Ўмоннинг Салала, Соҳар ва Дуқум портлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш, мультимодал логистика йўналишларини ривожлантириш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Мазкур портлар Марказий Осиё мамлакатлари учун жаҳон бозорларига чиқиш учун муҳим транспорт марказлари сифатида кўриляпти.

Мулоқот давомида логистика йўлакларини ривожлантириш, автомобиль ва темир йўл тармоқлари ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мавзулари ҳам кўтарилди. Бундай лойиҳалар Марказий Осиё давлатларини Ўмон портлари билан самарали боғлаб, қитъалар аро савдо учун янги имкониятлар очади.

Ўзбекистон транспорт-транзит лойиҳаларини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бундай ташаббуслар Марказий Осиёни Шарқ – Ғарб ва Шимол – Жануб халқаро транспорт йўлаклари кесишган муҳим транзит ҳудуд сифатидаги жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Шу боис транспорт соҳасидаги ҳамкорлик нафақат икки томонлама муносабатларда, балки минтақамизнинг барча давлатлари учун стратегик аҳамиятга эга. Айни йўналишда Тошкент халқаро шериклар билан транспорт дипломатиясини фаол илгари сурмоқда.

Марказий Осиё транспорт имкониятини кенгайтириш мамлакатларимиз жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувида муҳим омил ҳисобланади. Ҳозир Ўзбекистон ташқи сиёсатида турли давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, узоқ муддатли ва кўп томонлама шерикликни ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хулоса шуки, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида транспорт-логистика соҳасида шаклланаётган ҳамкорлик нафақат транзит салоҳиятини оширади, балки иқтисодий, маданий ва илмий алоқаларни ҳам янги босқичга олиб чиқади. Бу жараён минтақавий транспорт тармоқларини кенгайтириш, халқаро савдони рағбатлантириш ҳамда ўзаро ишончга асосланган барқарор шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мусулмон Зиё, ЎзА