Хотин-қизлар атроф-муҳитни муҳофаза қилишда фаол иштирок этмоқда

22

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан атроф-муҳитни муҳофаза қилишда хотин-қизларнинг ўрни, уларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга бағишланган тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раиси ўринбосари О.Раҳимов, Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ва вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга кенг тўхталиб ўтди.

Айниқса, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида хотин-қизларнинг фаол иштироки тобора кенгайиб бораётгани, уларнинг ташаббуслари жамиятда экологик маданиятни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг табиатни асраш, атроф-муҳитни тоза сақлаш, чиқиндиларни камайтириш, экологик тарғибот ишларини кучайтириш ва ёш авлодни табиатга эҳтиёткорона муносабат руҳида тарбиялашдаги ўрни муҳим.

Тадбир иштирокчилари томонидан хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги фаоллигини эътироф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Жўқорғи Кенгес депутати А.Бегимовани «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирлангани муносабати билан самимий табриклаб, унинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки ва экология соҳасидаги ташаббуслари юксак баҳоланди.

Тадбирда хотин-қизларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни янада кенгайтириш ва аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги