Ўзбекистон – Латвия: савдо ҳажми ортмоқда

13

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

Латвия делегацияси ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Латвия транспорт вазири Атис Швинка ўртасида музокаралар ўтказилди.

Икки мамлакат ўртасида дўстона, конструктив ва ўзаро ҳурматга асосланган сиёсий ҳамда иқтисодий муносабатлар шакллангани, бу шериклик ва умумий манфаатлар тамойилларига таяниши қайд этилди.

Ўзбекистон – Латвия Ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши ва икки мамлакат бизнес вакиллари иштирокида бизнес-форум ҳам ташкил этилди.

Тадбирда таълим, транспорт ва логистика, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда фаолият юритаётган йигирмадан зиёд Латвия компанияси ҳам қатнашди.

Саноат кооперациясини кенгайтириш, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик йиғилиш муҳокамаси марказида бўлди.

2025 йил якунига кўра, ўзаро савдо ҳажми 273,2 миллион долларни ташкил этди. Томонлар ушбу кўрсаткични ўрта муддатда 500 миллион долларга етказишни режалаштирган.

– Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда икки томонлама учрашув давомида мамлакатларимиз ўртасидаги қатор соҳаларда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги қадамлар тўғрисида фикр алмашдик, – деди вазир Лазиз Қудратов бизнес-форумдаги чиқишида.

Анжуманда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари хусусида маълумот берилди. Кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти деярли икки баробарга ўсди ва йиллик иқтисодий ўсиш суръати изчил равишда 7,7 фоиздан юқори бўлиб келмоқда.

Форумда кўплаб йўналишлар қатори Европа Иттифоқи стандартларини жорий этиш ва рақамли таълим имкониятларини кенгайтириш орқали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш муҳим экани қайд этилди.

Якунда ишбилармонлик ҳамкорлиги кенгашлари фаолиятини тиклаш тўғрисида меморандум ҳамда иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Ҳаракатлар режаси имзоланди. B2B учрашувларида логистика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА