Айрим вилоят ҳокимлари фармацевтика лойиҳаларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Тадбирда фармацевтика корхоналари вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Республика бўйича жами 136 гектар майдонда 5 та фармацевтика зонаси ташкил қилиниб, инфратузилма билан боғлиқ барча масалалар ҳал қилиб берилган.
Лекин айрим вилоят ҳокимлари, уларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари фармацевтика лойиҳаларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди.
Мисол учун, 25 гектардаги Жиззах фармзонасида ўтган йили умуман дори ишлаб чиқарилмаган. Ёки Бўстонлиқ фармзонасидаги 14 гектар ер 2017 йилдан бери бўш турибди.
Ўтган йили Жиззах ва Самарқандда бирорта ҳам лойиҳа ишга тушмаган бўлса, Бухорода атиги 200 минг, Хоразмда 2 миллион долларлик биттадан лойиҳа бўлган, холос.
Ҳокимлар янги лойиҳаларни кўпайтириш у ёқда турсин, бор қувватларни ҳам ишлата олмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ўтган йили республикадаги 96 та корхонанинг айланмаси 312 миллиард сўмга пасайган.
ЎзА