Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари ўртасидаги мулоқот янги босқичга чиқмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил равишда мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий алоқалар янги мазмун билан бойиб бормоқда. Хусусан, ишбилармон доиралар вакиллари ўртасидаги очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда қўшма лойиҳаларни кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Туркия ишбилармон доиралари вакиллари билан навбатдаги амалий учрашув ташкил этилди.
Учрашувда турк бизнес вакиллари билан доимий алоқани таъминлашга қаратилган ҳамкорлик механизмини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ушбу ташаббус натижасида тадбиркорларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, тегишли вазирлик ва идоралар билан бевосита ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда амалий ечимлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Шунингдек, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш ва илғор бошқарув тажрибаларини жорий этиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Айниқса, Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган турк компанияларини қўллаб-қувватлаш ва янги инвесторлар учун қулай муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Уюшмалар ва компаниялар вакиллари томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар атрофлича тингланди. Уларни амалиётга татбиқ этиш имкониятлари юзасидан масъул ташкилотлар иштирокида батафсил муҳокамалар ўтказилди.
Вазирлик ахборотига кўра, жорий йил 19 январда ўтказилган аввалги йиғилишдан сўнг ўтган бир ярим ой давомида 30 та компания ва уюшма билан 25 та учрашув ташкил этилди.
Бу борадаги иш режаси асосида туркиялик инвесторлар фаолиятида юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тизимли чоралар кўрилди ва қарийб 20 та компаниянинг масалалари ижобий ҳал этилди.
Хусусан, солиқ ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, банк-молия хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда инвесторларга кўрсатилаётган сервис сифатини ошириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Ўзи навбатида, турк ишбилармонлари юртимизда яратилаётган инвестиция муҳити, қонунчилик базасининг такомиллашиб бораётгани ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни ижобий баҳолади.
Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА