8 март қишлоғи сифатли электр энергияси билан таъминланди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 52-сонли “Ақманғит” сайлов округидан сайланган депутат Алишер Джуманазаров томонидан сайловчилар мурожаатларини ўрганиш, уларни жойига чиқиб таҳлил қилиш ва амалий ечим топиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ҳудудларда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида юборилган депутатлик сўровномалари асосида аҳоли манфаати йўлида аниқ натижаларга эришилди.
Жумладан, Нукус тумани “Саманбай” ОФЙ ҳудудидаги Каттағар овули Жеткеншек кўчасида жойлашган 19-сонли трансформатор пунктидан чиқувчи 0,4 кВ ҳаво тармоғи орқали 57 та якка хўжаликка барқарор электр энергияси етказиб бериш таъминланди. Шунингдек, ҳудуддаги 127-сонли трансформатор пункти 2026 йил дастурига киритилиб, электр таъминотини янада яхшилаш бўйича режали ишлар белгилаб олинди. Мазкур амалий ишлар аҳоли томонидан ижобий баҳоланиб, миннатдорчилик билдирилди.
Шунингдек, “Саманбай” ОФЙ таркибидаги “Тарли” овулини электр энергияси билан таъминловчи 73-сонли трансформатор пунктидан чиқувчи 0,4 кВ ҳаво тармоғида реконструкция ва модернизация ишлари амалга оширилди. Ушбу ишлар доирасида 73 дона темир-бетон устун ўрнатилиб, узунлиги 1,7 километр бўлган замонавий SIP кабели тортилди. Натижада овул аҳолисининг электр таъминоти сезиларли даражада яхшиланди ва фуқаролар томонидан миннатдорчилик хатлари йўлланди.
Нукус тумани “Дийқан арна” МФЙ ҳудудидаги “8-март” овулида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 130-сонли трансформатор пункти ва ундан чиқувчи 0,4 кВ ҳаво тармоқларида реконструкция ва модернизация ишлари бажарилиб, 90 дона темир-бетон устун ўрнатилди, узунлиги 2,7 километр бўлган SIP кабели тортилди ҳамда қуввати 250 кВА бўлган янги трансформатор пункти ишга туширилди. Бугунги кунда овул аҳолиси барқарор ва сифатли электр энергияси билан таъминланмоқда.
Бундан ташқари, Нукус шаҳри “Улгили макан” МФЙ ҳудуди Едиге кўчасидаги 0,4 кВ ҳаво тармоғида аниқланган техник камчиликлар бартараф этилди. Ҳозирда мазкур кўча аҳолиси узлуксиз ва барқарор электр таъминотига эга бўлиб, кўча бийи томонидан миннатдорчилик хати тақдим этилди.

Юқоридаги ишлар депутат Алишер Джуманазаровнинг сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш ва амалий ҳал этишга қаратилган фаолиятининг яққол намунасидир. Халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги