Марказий банк: барча транзакциялар одатий тартибда амалга оширилади

20

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда пул ўтказмаларига гўёки чеклов жорий этилгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Мазкур масала юзасидан аниқлик киритиш мақсадида Марказий банк расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, рақамли хизматларни ривожлантириш доирасида банклар ва тўлов ташкилотлари мобиль иловалар функционалини босқичма-босқич янгилаб боради. Жумладан, пул ўтказмаларини амалга ошириш жараёнида қўшимча аниқлаштирувчи параметрлар ёки изоҳ майдони жорий этилиши мумкин.

Бу техник хусусиятга эга янгиланиш бўлиб, унинг асосий мақсади сервис сифатини ошириш, операцияларнинг тўғри қайта ишланишини таъминлаш ва рақамли хавфсизликни мустаҳкамлашдан иборат.

Энг муҳими, ҳеч қандай ўтказма ёки транзакцияларга чеклов киритилмайди. Пул ўтказиш тартиби ўзгармайди. Фойдаланувчи томонидан киритилган маълумотлар мобил илованинг стандарт ишлаш жараёни доирасида қайта ишланади ҳамда учинчи шахсларга тақдим этилмайди.

Янгиланишларни жорий этиш тартиби ҳар бир банк томонидан ўз мобиль иловаси архитектураси ва ички жараёнларидан келиб чиққан ҳолда мустақил белгиланади.

Таҳлилларга кўра, халқаро амалиётда ҳам банклар рақамли хизматларни мунтазам такомиллаштириб боради. Масалан, ресторанда тўлов амалга оширганда ёки ижара ҳақи ўтказилганда тўлов мақсадини кўрсатиш оддий амалиёт ҳисобланади. Бу назорат механизми эмас, балки шаффоф ва маданиятли нақдсиз ҳисоб-китоб усулидир.

Шу боис техник янгиланишларни ортиқча шов-шувга сабаб қилишга ҳожат йўқ. Расмий изоҳга кўра чекловлар жорий этилмаган ва пул ўтказмалари амалдаги тартибда давом этади.

Ш.Маматуропова, ЎзА