Қатар мамлакатда қолиб кетганларга визани узайтирди

Қатар Ички ишлар вазирлиги мамлакатда ҳаво ҳудуди ёпилиши сабаб қолиб кетган хорижлик саёҳатчиларга берилган виза муддати бир ой узайтирилишини билдирди. Барча тоифадаги визаларга тааллуқли экани айтилган мазкур қарор ижроси доирасида қўшимча тўлов талаб этилмайди. Кейинги ўзгариш вазият ривожига қараб эълон қилиниши мумкин. Бу ҳақда “Euronews” нашри ёзган.
28 февралдан олдин визаси тугаган шахслар эса муддатдан ошган кунлар учун жарима тўлашга мажбур. Қатар 102 давлат фуқароларига бепул “visa on arrival” тақдим этади, Европанинг аксар мамлакатлари учун 90 кунлик рухсат амал қилади.
“Qatar Airways” ҳар куни парвозлар жадвали ўзгариши бўйича янги малумот беряпти. 28 февралдан 10 мартгача бўлган оралиқдаги кунлар учун буюртма қилинган чипталарни 14 кунгача кўчириш ёки пулни қайтариб олиш мумкин. Ҳозирча мамлакатга кириш-чиқиш парвозлари тикланмаган.
Таиланд ҳам рейслар бекор қилиниши ортидан Яқин Шарқ ҳудудида қолиб кетган сайёҳлар учун визани узайтирмоқда. Бангкок ва Пхукетдан ўнлаб рейс бекор қилинган, меҳмонхоналарга эса нархни пасайтириш тавсия қилинган.
Мусулмон Зиё, ЎзА