Хорижий валютадаги кредитлар ҳажми ҳам ўсди
Марказий банк маълумотига кўра, 2025 йилда мамлакатимиз тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 390 триллион сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилдаги 287,2 триллион сўмга нисбатан қарийб 36 фоизга кўп. Кўрсаткичлар кредитлаш фаоллиги изчил ўсиб бораётганини тасдиқламоқда.
Молия бозори таҳлиллари шуни кўрсатадики, сўнгги икки йилда кредит портфели таркибида миллий валютадаги маблағлар улуши сезиларли даражада ошган. 2025 йилда миллий валютада ажратилган кредитлар ҳажми 276,4 триллион сўмга етди. Таққослаш учун, 2024 йилда бу кўрсаткич 193,3 триллион сўмни ташкил этган эди.
Хорижий валютадаги кредитлар ҳажми ҳам ўсиш тенденциясини намоён этди. 2025 йилда мазкур кўрсаткич 113,6 триллион сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилдаги 94 триллион сўмга нисбатан кўпроқдир. Чет эл валютасидаги кредитларнинг асосий қисми юридик шахслар ҳиссасига тўғри келиб, уларга 113,1 триллион сўм ажратилган. Якка тартибдаги тадбиркорлар улуши 441,5 миллиард сўмни ташкил қилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, миллий валютада молиялаштириш улушининг ортиши иқтисодиётда ички молиявий ресурслар роли мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, экспорт-импорт операциялари билан боғлиқ фаолият юритаётган корхоналар томонидан хорижий валютадаги кредитларга талаб сақланиб қолмоқда.
Умуман олганда, банк кредитлари иқтисодий ўсишни рағбатлантирувчи муҳим омил бўлиб қолмоқда. Кредит портфелининг кенгайиши ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва истеъмол бозори фаоллигини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА