Ёшларни қўллаб-қувватлаш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналиши

Муносабат
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати янги босқичга кўтарилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг яқинда Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан бўлиб ўтган учрашуви ва мулоқотида уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, стартап ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар бу борадаги ишларни янада тизимли ва самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар, аввало, ҳар бир ёшнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, хорижий тилларни пухта ўрганиши, рақамли кўникмаларга эга бўлиши ва меҳнат бозорида муносиб ўрин топишини таъминлашга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бугунги глобаллашув шароитида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айланди.
Бугунги кунда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 13 мингдан зиёд талаба-ёшлар таҳсил олмоқда. Институтда талабаларнинг замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишини таъминлаш мақсадида хорижий тиллар, ахборот технологиялари, шунингдек, рақамли саводхонлик йўналишларида қўшимча ўқув курслари ташкил этилган. Ушбу курслар орқали ёшларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш мақсад қилиб белгиланган.
Учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланганидек, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, улар учун молиявий ресурслар ва имтиёзли кредитлар ҳажмини кенгайтириш, стартап лойиҳаларга инвестицияларни жалб этиш бўйича белгиланган вазифалар ёшларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратиш, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этиш ва мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашнинг асосий омилидир.
Институтда битирувчи курс талабаларининг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида «Келажакка қадам» маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу марказда тегишли банкларнинг масъул ходимлари, шунингдек, таниқли тадбиркорлар иштирокида «Бизнес ғоядан тайёр лойиҳагача» мавзусида семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда. Бунинг натижасида, ҳозирги кунга қадар институтнинг 69 нафар талабасига жами 2 миллиард 220 миллион сўмга яқин миқдордаги кредит маблағлари ажратилди ва улар ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юборди.
Ёшлар билан учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни институт миқёсида самарали амалга ошириш мақсадида:
1) Талабалар учун чет тиллари, IT ва замонавий касблар бўйича бепул ёки имтиёзли курслар ташкил этиш;
2) Ёшларнинг инновацион лойиҳаларини саралаш, менторлик тизимини жорий этиш ва инвесторлар билан боғлаш;
3) Бизнес режа тузиш, грант ва кредит олиш механизмлари бўйича «Келажакка қадам» маркази фаолияти самарадорлигини ошириш;
4) Волонтёрлик, экология ва маънавий-маърифий йўналишдаги ташаббусларни, ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
5) Илм-фан ва инновацияларни интегратсиялаш – талабаларнинг илмий ишланмаларини ишлаб чиқариш билан боғлаш, амалиёт базаларини кенгайтириш борасида олдимизга юксак мақсадларни белгилаб олдик.
Бугун биз, олий таълим соҳаси мутасаддилари ва профессор-ўқитувчилар, Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, ёшларнинг ҳар бир ғоясини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг етук кадрлар бўлиши учун зарур шароит яратишни ўзимизнинг асосий вазифамиз деб ҳисоблаймиз.
Зеро, Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни – билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшлар қўлида.
Алишер Уббиев,
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги