Тошкент – Термиз йўналишига тезюрар поездлар қўйилади

18

Сурхондарёдаги энг оғриқли масалалардан бири йўл ва транспорт инфратузилмаси экани қайд этилди.

Икки йил олдин Осиё тараққиёт банки билан 183 миллион доллар ҳисобига Бойсун ва Деновни боғловчи йўлнинг 111 километр қисмини цемент-бетон қопламага ўтказиш лойиҳаси бошланган. Бу йўл ишга тушса, юк ҳажми 2 карра ошади, ташиш вақти 3 соатдан 1,5 соатга қисқаради.

Юртимизни Афғонистон ва Тожикистон билан боғлайдиган 178 километрли магистрал йўл 30 йилдан буён капитал таъмирланмаган. Мутасаддиларга қурилиш ишларини уч ой ичида бошлаш топширилди.

Тошкент – Термиз йўналишидаги йўловчи поезд 14 соатдан кўп ҳаракатланади. Кореялик ҳамкорлар билан замонавий тезюрар поездлар олиб келиш бўйича келишувга эришилган. “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон” участкасини тезюрар поездга мослаш бўйича лойиҳани шу йил бошлаш, 103 километр бўлган “Қумқўрғон – Қудуқли” темир йўлини электрлаштириш ишларига киришиш топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича йиғилиш давом этмоқда.

ЎзА