Сурхондарё шароитида иссиқхонадан маҳсулот олиш бошқа жойлардан 2-3 баробар арзон тушади

8

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича йиғилиш давом этмоқда.

Бу йил Испаниянинг Алмерия ҳудуди тажрибаси асосида 1 минг гектарда қуёшда иситиладиган иссиқхоналар ташкил қилинади. Бундай иссиқхона қурадиган тадбиркорларга ерлар 5 йилга бепул ижарага берилади, улар ер ости суви учун тўловдан 3 йилга озод қилинади.

Сурхондарёда ишга солинмаган яна бир катта имконият – унинг яйловлари.

Масалан, Бойсунда 197 минг гектар яйловлар бор. Агар Дарбанд дарёсидаги насосларни тиклаб, сув чиқарилса, 10 минг гектар яйловни фойдаланишга киритиш, шундан 1,5 минг гектарида картошка, қолган қисмида озуқабоп экин экиш имкони мавжуд.

Эндиликда захирадаги яйлов ерларини ўзлаштириш учун бошланғич нархи норматив қийматнинг 1 фоизи миқдорида белгиланиб, ауксионга чиқарилиши таъкидланди.

Ерни ауксиондан олган тадбиркорларга 10 йилга, 4 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли кредит ажратилади. Ҳар ўн гектарга сув олиб келиш учун 120 миллион сўмгача субсидия берилади.

Бу орқали уч йиллик дастур доирасида 58 минг гектар яйловни айланмага киритиш, бу ерда 300 минг бош қўй-эчки боқишни йўлга қўйиш топширилди.

ЎзА