Термиз халқаро савдо маркази катта натижалар бермоқда
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича йиғилиш давом этмоқда.
Термиз халқаро савдо маркази катта натижалар бермоқда. Ўтган йили марказга 800 мингдан ортиқ Афғонистон фуқаролари ташриф буюрди, экспорт 320 миллион доллар бўлди.
Тадбиркорлар ва инвесторлар фаолиятини кенгайтириб, Термиз халқаро савдо марказида йирик ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича таклиф билан чиққан.
Шу боис, марказ ҳудуди 1 минг гектарга етказилиши белгиланди. Мутасаддиларга бунинг ҳисобидан марказдаги экспорт ҳажмини жорий йил 600 миллион, келаси йил 1 миллиард долларга етказиш, қўшимча 10 минг иш ўрни яратиш топширилди.
Янги лойиҳалар ҳисобига тадбиркорлар ҳам, савдо қилиш учун келадиган одамлар ҳам каррасига ошади. Шу муносабат билан марказда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида махсус прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолияти йўлга қўйилади.
Эндиликда марказ ҳудудидаги товар савдоси ва хизматлар экспорт сифатида баҳоланади, уларга нисбатан ҳам қўшилган қиймат солиғи “ноль” ставкада қўлланади.
ЎзА