Сурхондарё вилояти иқтисодиётида саноатнинг улуши сўнгги 9 йилда 5 карра ўсиб, 10 фоизга етди

8

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича йиғилиш давом этмоқда.

Вилоят ҳокими, туман ҳокимлари олдида жорий йилда инвестицияларни 3 миллиард долларга, экспортни 1 миллиард долларга етказиш вазифаси тургани қайд этилди.

Ҳудудда камбағалликни 2,8 фоизга, ишсизликни 4,5 фоизга тушириш, Термиз шаҳри, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ ва Музработни «камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд»га айлантириш муҳим экани таъкидланди.

Вилоят иқтисодиётида саноатнинг улуши сўнгги 9 йилда 5 карра ўсиб, 10 фоизга етди. Лекин бу ҳали ҳам камлиги қайд этилди.

Вилоятда 100 миллион тонна кўмир захираси бўлгани билан йилига атиги 1 фоизи қазиб олиняпти. Жорий йилда Бойсундаги «Санжар», Олтинсойдаги «Оқсув», келаси йил «Фангарт» конларида кўмир қазиб олишни бошлаш топширилди.

Жанубий Африканинг «Сосол» компанияси кўмирдан полипропилен, полиэтилен ва каучук ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирган. Сариосиёдаги «Қоракон», «Жемсонит», «Чуқур», «Байрам-1» конларига ҳам хитойлик инвесторлар 1 миллиард доллар киритишга тайёр.

Умуман, мазкур захиралар – электротехника, қурилиш материаллари, кимё, металлургия, автомобилсозлик тармоқлари учун тайёр хомашё базаси. Бу конлар атрофида саноат корхоналарини жойлаштириш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни шакллантириш топширилди.

Бойсундаги «Безактоп» конида сифати Эрон, Туркия, Италия билан рақобатлаша оладиган табиий тош захиралари ўрганилмай турибди. Бундай тошлар захираси бўлган конларда геология ишларини бошлашга кўрсатма берилди.

ЎзА