«Ёшлар куни»да «Жайхун»лик ёшларнинг мурожаатлари тингланди

24

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, мамлакатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, аҳоли фаровонлиги ўша мамлакатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунги кунга қадар парламент томонидан ёшларга оид 40 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Президентимиз томонидан ҳозирги даврда инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар қатлами билан яшаётганимизни ҳисобга олиб, БМТ минбарида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олинди. Мамлакатимизда «30 июнь – Ёшлар куни» сифатида нишонланиши ҳам сиёсий аҳамиятга эга бўлиб, ёшлар давлатимизнинг етакчи кучи эканлиги ва улар орқали ёрқин келажак сари янги ташаббуслар, янги марралар қўлга киритилаётгани бугунги кун ҳақиқатидир.

Яқинда Президентимизнинг Кўк сарой қароргоҳида ёшлар билан бўлган мулоқоти мамлакатимиз ёшлари ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари ўз сўзида мамлакатимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканини таъкидлади. Барча даражадаги раҳбарлар ёшларни тил ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга жалб этиш, ғоя, лойиҳа ва стартапларига кўмаклашиш, уларни ишли ва даромадли қилиш бўйича янада фаол ишлаши, ҳеч бир йигит-қизни эътибордан четда қолдирмаслиги зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз топшириғи билан мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда «Ёшлар куни» этиб белгиланиши ва шу куни соҳага масъул раҳбарлар маҳалла, мактаб ва техникумларга бориб, ёшларни тинглаб, муаммоларини ҳал этиши бўйича янги тизим амалиётга жорий этилди.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича Хўжайли туманидаги «Жайхун» посёлка фуқаролар йиғинидаги 24-сонли мактабда Ёшлар куни муносабати билан раҳбар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат ва ёшлар муаммоларини тинглаб, уларга ечим топиш мақсадида ўтказилган учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Н.Ерлепесов, Хўжайли тумани ҳокими Ж.Ермашев, тегишли соҳа раҳбарлари, банк ва солиқ хизматлари, ёшлар етакчилари ва шаҳарча фуқаролар йиғини ёшлари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз томонидан мамлакатимизда 32 йўналиш бўйича ёшларимизга кенг имкониятлар яратилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, шунингдек, касб ва тил ўрганиши, стартапчиларга имкониятлар, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун имтиёзлардан фойдаланиб янги лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағ ва грантлар ажратиш масалалари юзасидан йиғилганларга тушунтиришлар берилди.

Очиқ мулоқот асосида ўтказилган учрашув кечасида ҳудудда яшовчи ёшлар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар бўйича соҳа раҳбарларига мурожаат қилиб, шу ернинг ўзида уларнинг муаммоларига ечим топилди.

– Тиббиёт коллежини битирганимга 9 йилдан ошди. Икки болам бор. Ишсизман. Тикувчилик ҳунарига бўлган қизиқишим ҳам юқори, – дея ишга жойлашиш бўйича ўз муаммосини билдирган ҳудуд фуқароси 28 ёшли Г. Дўсжанованинг масаласи туман ҳокими томонидан унга бандлигини таъминлаш йўналишида таклифлар билдирилди ва муаммо яқин орада ўз ечимини топиши айтилди.

Шунингдек, инглиз ва рус тилларида эркин сўзлаша олиш имкониятига эга 3-курс талаба қиз М.Абдуллаеванинг туризмга бўлган қизиқиши эътиборга олиниб уни яқин орада эски музейнинг қайта таъмирланиб ишга туширилиши билан тур-оператори қилиб иш билан банд қилиш имконияти борлиги билдирилди. Шунингдек, спорт тўгараги учун зал йўқлиги ва ушбу муаммони ҳал қилиб беришни таклиф қилган ёшларнинг муаммоси ҳам имкониятлар даражасида ҳал қилиниши таъкидланди.

Тадбирда билдирилган мурожаатларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмаслиги айтилиб, уларга мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилган солиқ имтиёзлари ва имтиёзли кредитлар ҳақида кенг тушунчалар берилди.

Президентимиз томонидан яқинда Қорақалпоғистон учун яна бир муҳим қарор қабул қилиниб, ушбу қарор асосида Хўжайли туманида «Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази»ни қуриш белгиланганлиги ва ушбу йирик лойиҳа асосида қурилиш ишлари олиб борилиб, янги иш ўринлари яратилиши ва туман ёшларининг бандлиги таъминланиши таъкидланди.

Тадбир давомида берилган саволларга соҳа ходимлари томонидан тегишли жавоблар берилди.

Тадбирдан сўнг туман ҳокимлиги матбуот котиби томонидан ёшлар масалалари юзасидан ташкил этилган пресс-тур оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида давом этди.

                                           Гулнора Турдишова,

                                                        Қорақалпоғистон ахборот агентлиги