Миллий юксалишнинг янги энергияси: масъулият ва келажак стратегияси

6

Ўзбекистон ўз тараққиётининг шундай муҳим палласига қадам қўйдики, унда инсон капитали, айниқса, ёшларнинг салоҳияти мамлакат тақдирини белгиловчи асосий стратегик кучга айланди.

Кўксарой қароргоҳида 60 мингдан зиёд ёшлар вакиллари иштирокида ўтган тарихий мулоқот нафақат давлат сиёсатининг устувор йўналишларини, балки 22 миллиондан зиёд ўғил-қизларимизнинг қалбидаги эртанги кунга бўлган ишончни янги босқичга олиб чиқди. Бу учрашувнинг бош ғояси — ёшларни нафақат келажак вориси, балки бугунги янгиланишларнинг энг фаол иштирокчиси ва бош ижрочисига айлантиришдан иборатдир.

Ишонч ва масъулият уйғунлиги Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Юртимиздаги ёшларимиз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий кучдир” деган таъкиди бугунги давлатчилик формуласининг ўзагини ташкил этади. Бу куч — Ўзбекистоннинг глобал дунёдаги рақобатбардошлигини таъминловчи асосий манбадир. Шу маънода, юртимизнинг Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг тез ривожланаётган давлат деб эътироф этилгани бежиз эмас.  Тошкентда Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати бош қароргоҳининг ташкил этилиши, Самарқандда Ёшлар парламентининг глобал конференцияси ва 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг ўтказилиши мамлакатимизнинг бу борадаги халқаро мақомини янада мустаҳкамлайди.

Бугунги Ўзбекистон ёшлари — жаҳон ареналарида ўз сўзини айтаётган авлод. Фан олимпиадаларида қўлга киритилган 434 та медал, Гарвард, Йель, Колумбия каби нуфузли олийгоҳларда таҳсил олаётган 500 нафардан зиёд талабаларимиз янги Уйғониш даврининг интеллектуал мевасидир. Айниқса, ёшларимиз яратган 63 та стартап лойиҳаси АҚШ, Жанубий Корея ва Буюк Британия каби давлатлар бозорларига кириб боргани юртимизда креатив иқтисодиёт шаклланаётганидан далолат беради. Президент томонидан стартапларни молиялаштириш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши ва «President Tech Award» танловининг мукофот жамғармаси 1 миллион долларга етказилиши бу соҳадаги инқилобий қадамдир.

Давлат сиёсатининг энг муҳим жиҳати — ҳар бир йигит-қизга имконият эшикларини очишдир. Ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келаётганини инобатга олиб, уларнинг тадбиркорлик иштиёқини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Келажак тадбиркори» дастури ишга туширилди. Эндиликда ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 300 миллион сўмгача оширилгани, 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга 10 миллиард сўмгача маблағ берилиши ёшлар бандлиги масаласини тубдан ҳал этади.

Айниқса, ижтимоий адолат тамойили доирасида Самарқандда ташкил этиладиган Халқаро инклюзив ёшлар оромгоҳи ҳамда адашган ёшларни ҳаётга қайтарувчи “иккинчи имкон” лойиҳаси — давлатимизнинг ҳар бир фуқарога бўлган меҳри ва эътибори ифодасидир. Техникум ўқувчилари учун илк бор жорий этилаётган “Work and travel” дастури эса ёшларни хорижда тажриба орттириш ва даромад топиш имконияти билан таъминлайди. Шунингдек, волонтёрлик ҳаракатининг қўллаб-қувватланиши ва махсус жамғарманинг ташкил этилиши жамиятда ижтимоий масъулият ҳиссини юксалтиради.

Давлат раҳбарининг “Бирорта йигит-қиз эътиборсиз қолмаслиги зарур” деган сўзлари ҳар бир раҳбарни сергакликка чорлайди. Маънавиятсиз тараққиёт, илмсиз келажак бўлмайди. Шу боис, китобхонлик маданиятини ривожлантириш учун энг фаол ўқувчиларга 10 миллион сўмлик мукофотлар, истеъдодли ёзувчиларга ойлик 20 миллион сўмлик ҳақ берилиши — миллатнинг руҳий иммунитетини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Олис ҳудудлардаги ўқув марказлари учун солиқ имтиёзларининг берилиши эса чекка қишлоқдаги ёшларнинг ҳам жаҳон тилларини мукаммал эгаллашига йўл очади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Кўксаройдаги мулоқот шунчаки ҳисобот эмас, балки миллий юксалиш стратегиясининг амалий намойиши бўлди. Президент таъкидлаганидек, кичик стартаплар эртага катта бизнесга, миллий брендларга айланиши учун давлат барча шароитларни яратишга тайёр. Бугун ёшлар учун очилган кенг имкониятлар — эртанги кучли, барқарор ва фаровон Ўзбекистоннинг энг мустаҳкам кафолатидир. Эндиги навбат ёшларга. Берилган бу юксак ишонч ва имкониятлардан фойдаланиб, Ватан равнақи йўлида янги зафарларга бел боғлаш вақти келди. Зеро, Янги Ўзбекистон — интилувчан, билимли ва қалбида юрт ишқи бўлган ёшлар билан барпо этилади.

Алоуддин Ғаффоров,

ЎзА