Энди олис ҳудудлардаги ўқув марказлари ижтимоий солиқни бир фоиз миқдорида тўлайди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ёшлар билан мулоқоти давом этмоқда.
“Кўмак” дастури доирасида 130 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилгани учун олис ва чекка ҳудудларда олти ой ичида хорижий тил ўргатадиган 120 дан зиёд ўқув маркази иш бошлади.
Бундай ўқув марказларини ташкил қилиб, тажриба орттирган ёш тадбиркорлар атрофида АТ ва замонавий касб маркази, кутубхона, спорт тўгаракларини очиш таклифини бермоқда.
“Кўмак” лойиҳаси доирасида ўз бизнесини бошлаб, яхши натижа кўрсатаётган ёшлар фаолиятини кенгайтириш учун 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.
Энди олис ҳудудлардаги ўқув марказлари ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди, улардаги ўқитувчилар учун даромад солиғи 7,5 фоиз бўлади (ҳозир ижтимоий ва даромад солиғи 12 фоиздан тўланади).
Ёшлар ишлари агентлигига хусусий ўқув марказлари билан ҳамкорликда йилига 20 минг ёшни келажак касбларига ўқитиш дастурини ишга тушириш, ҳар бир туманга 500 миллион сўмгача ссуда ажратиб, техникум ва ўқув марказларида касб-ҳунар лабораториясини ташкил қилиш топширилди.
ЎзА