Миллий қадриятларни эъзозловчи китоб мазмуни билан таништирилди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округида «Миллий қадриятлар атласи» китоби тақдимотига бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Нуразизов сўзга чиқиб, маънавий бойлигимиз ва миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирган янги муҳим китобнинг халқимиз эътиборига ҳавола этилаётгани муносабати билан йиғилганларни табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида миллий қадриятларимизни тиклаш, тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай эзгу ишлар қаторида миллий қадриятларимизни илмий-услубий жиҳатдан умумлаштириб, рақамлаштириш ва халқимизга етказиш учун Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан олиб борилган илмий изланишлар натижасида «Миллий қадриятлар атласи» фундаментал китоб-альбоми тайёрланиб, нашрдан чиқарилди. Китоб умумий саккиз йўналишни ўз ичига олган бўлиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос миллий хусусиятлари ва қадриятлари кенг тарзда акс эттирилган.
Албатта, ушбу китобнинг нашр этилиши она Ватанимизнинг маънавий брендини дунёга танитишга хизмат қилади.

Тадбир давомида китобнинг мазмуни ва аҳамиятига бағишланган видеоролик, санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги