Қўллаб-қувватлашдан барқарор фаровонлик сари: камбағалликдан чиқиш формуласи

19

Сўнгги йилларда давлатимизнинг устувор сиёсати инсон, унинг қадри ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил якунида Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида камбағалликка қарши курашиш, маҳаллани ривожлантириш ва ижтимоий адолат – давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.

Президентимиз томонидан мамлакатни комплекс ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, фуқаролар саломатлиги, экология, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муаммолар бўлишига қарамасдан, уларни ҳал этиш учун инвестицияларни жалб қилиш, меъёрий ҳужжатларни халқ манфаати йўлида қайта кўриб чиқиш, белгиланган кўрсаткичлар ўрнига узоқ муддатли стратегия ва реал натижаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йилни мамлакатимизда «Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилишни таклиф этди.

-Мамлакатимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди. Бу ишларни бошлаганимизда аҳолининг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшар эди. Кредит, субсидия, компенсация каби юздан ортиқ хизмат орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизимини йўлга қўйганимиз ва уларни маҳалладаги «еттилик»нинг ўзига берганимиз натижасида. 8,5 миллиондан ортиқ киши камбағалликдан чиқди, ишсизлик 2 баробарга қисқарди. Натижада уч йил олдин камбағалликни 2026 йил охиригача 2 баробарга қисқартириш бўйича олган мақсадимизни шу йилнинг ўзида бажардик, – деди Президентимиз Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида.

Шу билан бирга, Президентимиз раислигида аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ўтказилган йиғилишда жорий йилда 1 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш ва ишсизлик даражасини 4,5 фоизга тушириш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, обод маҳаллаларни кўпайтиришни олдимизга мақсад қилиб қўйди.

2021 йилда Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банки кўмагида камбағалликни ўлчашнинг янги методологиясини жорий этди ва 2026 йилгача камбағалликни икки баробарга қисқартиришни ўз олдига қатъий мақсад қилиб қўйди. Бу оилаларни ўрганиш бўйича янги, ҳозирда фойдаланиш мумкин бўлган маълумотлар билан бир қаторда, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасидаги тараққиётни миллий ва халқаро стандартлар бўйича баҳолаш имконини беради.

Бундай ёндашув камбағалликни замонавий жиҳатдан тушунишни акс эттиради: бу нафақат даромадларнинг пастлиги, балки оиланинг ҳаётий хавф-хатарлар олдидаги заифлигидир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда бир марталик ёрдамга эмас, балки одамларнинг эҳтиёждан доимий чиқиши учун шароит яратишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Кўпинча камбағаллик шахсий омадсизлик сифатида қабул қилинади. Бироқ, замонавий тадқиқотлар ва амалий тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки: камбағаллик оила доимий ноаниқлик шароитида яшаганда шаклланади. Касаллик, ишдан айрилиш, мавсумий даромад ёки кутилмаган йўқотишлар исталган вақтда нозик мувозанатни бузиши мумкин.

Замонавий камбағалликка қарши кураш сиёсати замирида иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндорлари Абхиджит Банерджи ва Эстер Дюпло муаллифлигидаги «Камбағаллик иқтисодиёти» китобида келтирилган хулосаларга ҳамоҳанг ғоялар ётади. Муаллифлар турли мамлакатлардаги реал тадқиқотлар асосида мисоллар келтирадилар: камбағаллик дангасалик ёки интилишларнинг йўқлиги натижаси эмас, балки кам таъминланган оилалар ҳар куни дуч келадиган кўплаб майда, аммо тизимли чекловлар натижасидир. Шунинг учун камбағалликка қарши курашда самарали сиёсат хавф-хатарларни камайтириш ва оиланинг асосий хавфсизлигини мустаҳкамлашдан бошланади, айнан шу тамойил бугунги кунда ўзини ўзи бошқариш органлари орқали амалга оширилмоқда. Амалиётнинг кўрсатишича, бир неча ўзаро боғлиқ элементлар бир вақтнинг ўзида ишласа, камбағалликдан барқарор чиқиш мумкин. Бу мантиқни оддий формула кўринишида ифодалаш мумкин:

Ижтимоий ҳимоя + соғлиқ + барқарор даромад + маҳалланинг ривожланиши = оиланинг барқарор фаровонлиги.

– Уй ёнидаги ижтимоий ҳимоя.

Фуқаролар йиғинлари орқали манзилли қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларни ўз вақтида аниқлаш ва ортиқча тўсиқларсиз ёрдам бериш имконини беради. Бу одамларга хавфсизлик ва эртанги кунга ишонч ҳиссини беради.

– Саломатлик – даромад асоси.

Оиланинг бир аъзосининг касалланиши кўпинча бутун оиланинг даромадидан айрилишига олиб келади. Шунинг учун арзон тиббиёт ва профилактика – бу харажат эмас, балки оилаларнинг иқтисодий барқарорлигига инвестициядир.

– Доимий, бироқ, оз бўлса-да даромад.

Асосийси – бир марталик даромад эмас, доимий даромад манбаи. Уй ёнидаги томорқа, оилавий тадбиркорлик, касбий кўникмалар – ана шундай даромад турлари оилага келажакни режалаштириш ва ўз аҳволини аста-секин яхшилаш имконини беради.

Фуқаролар йиғини – тараққиёт маркази сифатида.

Фуқаролар йиғини нафақат яшаш жойи, балки қўллаб-қувватлаш, таълим ва бандлик масканига айланса, одамларнинг ўсиши учун реал имкониятлар пайдо бўлади. Бу, айниқса, хавф-хатарга моил ҳудудлар, жумладан, Қорақалпоғистон учун жуда муҳим.

Сўнгги йиллар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки: иқтисодий ўсиш ва рақамлаштириш муайян бир хонадонгача етиб борганда яхши самара беради. Рақамли хизматлар, «яшил» лойиҳалар, янги иш ўринлари ва инвестициялар – буларнинг барчаси тўсиқларни камайтириб, аҳолининг кенг қатлами учун имкониятларга йўл очади.

Шу боис Президентимиз Мурожаатномасида жамиятнинг келгуси тараққиёти асоси сифатида маҳаллани ривожлантириш, рақамлаштириш ва ёшларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

«Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилинган жорий 2026 йилда ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш, оилалар фаровонлигини ошириш учун янги имкониятлар очилади. Камбағалликдан чиқиш формуласи содда тарзда, шу билан бирга тизимли ва изчил амалга оширилиши зарур.

Давлат сиёсати, маҳалла ва оилалар ҳаракати биргаликда иш олиб борса, камбағаллик масаласида муаммо бўлмайди ва муносиб ҳаётга олиб чиқадиган енгиб бўлмас босқичга айланади. Фуқаролар йиғинларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни камайтириш, кичик ва оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим-тарбияга эътибор – буларнинг барчаси одамлар ҳаёт сифатини ўзгартиришга реал имконият беради.

Зульфия Сейтниязова,

Халқ депутатлари Нукус шаҳар

Кенгаш депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги