Аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш билан боғлиқ дастурлар ижроси қандай бажарилмоқда?
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонининг олдини олиш бўйича дастурлар ижроси ҳолати” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонининг олдини олиш бўйича дастурлар ижроси муҳокама қилинди ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларнинг мазкур дастурлар ижроси юзасидан ахборотлари эшитилди.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури бўйича амалий тадбирлар режасида ҳар йили 700 минг нафар аёлни бачадон бўйни саратони ва 1,7 миллион нафар аёлни кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш бўйича мақсадли скринингдан ўтказиш вазифаси қўйилган.
Скрининг орқали бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони аниқланган беморлар учун “тезкор йўлак” (fast-track) даволаш механизмини жорий этиш, ташхис қўйилган кундан бошлаб даволашга ўтишгача бўлган муддатни қатъий белгилаш ва назорат қилишнинг янги тизими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари белгиланган.

Давра суҳбатида 2025 – 2030 йиллар давомида бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастурини мониторинг қилиш натижалари таҳлил қилинди. Мониторингдан мақсад дастур ижросини тизимли таҳлил қилиш ҳамда келгусидаги вазифаларни белгилаб олишдан иборат экани таъкидланди.
Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури мониторинги натижалари кўрсатганидек, онкология марказларида “яшил йўлак” орқали юборилган аёлларни қабул қилиш бўйича алоҳида хоналар ажратилгани, муассасалар биопция олиш учун сарфлов материаллари билан етарли даражада таъминлангани қайд этилди.
Давлат суғурта жамғармаси томонидан кольпоскопия харажатларини қоплаш, ижтимоий ҳимоя бўйича уйда мобил паллиатив ёрдам, ижтимоий хизматни кейс менежмент усулида ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА