Ўзбекистонда аниқ вақт тизими: Рамазонда ишончли манба — UTC (UZ)

Бугунги кунда аниқ вақтни билиш ҳеч қачон бунчалик осон бўлмаган. Мамлакатимизда “Вақт, частота ва Ўзбекистон миллий вақт шкаласи — UTC (УЗ) бирлиги миллий эталони” асосида ишлайдиган замонавий тизим фаолият юритмоқда. Мазкур эталон Ўзбекистон миллий вақт шкаласи — UTC (УЗ)ни шакллантиради, сақлайди ва узатади.
Ушбу тизим Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси (БИПМ) томонидан шакллантириладиган Мувофиқлаштирилган универсал вақт (UTC) билан доимий равишда солиштириб борилади. Бу эса юртимиздаги расмий вақт халқаро аниқ вақт тизимига тўлиқ мос эканини англатади.
Айниқса, муборак Рамазон ойида аниқ вақтнинг аҳамияти янада ортади. Саҳарлик ва ифторликни бир дақиқа ҳам адаштирмасдан белгилаш ҳар бир рўзадор учун муҳим масала. Эндиликда бунинг учун ишончли ва расмий манба мавжуд.
Юртимиз бўйлаб исталган фуқаро www.aniqvaqt.nim.uz
сайти орқали Ўзбекистон Республикасининг расмий аниқ вақти — UTC (UZ) маълумотларини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин.
Рақамли трансформация шароитида аниқ вақт нафақат кундалик ҳаётимизда, балки мудофаа, навигация, банк-молия тизими, алоқа, транспорт ва энергетика каби кўплаб стратегик соҳаларда ҳам муҳим ўрин тутади. Барча тизим ва жараёнларнинг бир вақтда, узвий ҳамда барқарор ишлаши айнан аниқ вақтга боғлиқ.
Бугун аниқ вақт — бу шунчаки соат кўрсаткичи эмас, балки ишонч, тартиб ва тараққиёт мезони. Рамазон ойида эса у ҳар бир хонадонда муҳим вақт кўрсаткичига айланади.
Ҳамроз Баянов, ЎзА