Мақсадли индикаторларнинг бажарилиши юзасидан вазирлик ҳисоботи эшитилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2025 йилда ажратилган бюджет маблағлардан фойдаланиш, шунингдек, ривожлантириш дастури мақсадли индикаторларининг бажарилиш ҳолати юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Ахборотда таъкидланганидек, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш учун харажатлар ижросига 2025 йилда режалаштирилган маблағ 500 млрд. сўмни ташкил этиб, бу маблағлар етарли даражада сарф қилинган. Модернизация қилинадиган иссиқлик қозонхоналари ҳисобига иссиқлик таъминоти билан қамраб олинадиган хонадонлар сони 14 минг 758 тани, йиллик модернизация қилинадиган иссиқлик қозонхоналари сони эса 22 тани ташкил этган ҳолда, бу йўналишдаги мақсадлар самарали ижро этилган.

Депутатлар ажратилган маблағлар амалда қанчалик самарадор бўлгани билан қизиқди. Бюджет маблағларининг сарфланиши натижасида қандай аниқ ижобий ўзгаришларга юз бергани, уларнинг сарфи бўйича режа қилинган мақсадларга эришилганлик ҳолати юзасидан масъуллар олдига саволлар қўйилди.
Ажратилган маблағларни ўзлаштиришда айрим камчиликларга йўл қўйилгани, тақдим этилган ҳисоботда маълумот ва таҳлиллар етарли эмаслиги таъкидланди. Шунингдек, мақсадли индикаторларни ижро этишда йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил қилган ҳолда 2026 йилда ушбу йўналишда янада самарали фаолият олиб бориш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА