Бола қўлидаги телефонда нима кўряпти?

25

Ҳеч кимга сир эмас, бугун барчанинг қўлида уяли телефонлар бор. Ҳатто кичкина болаларнинг ҳам. Она қорнидаёқ, уяли телефонга «иштиёқ» қўйган болалар дунёга келгандан сўнг ҳам телефондаги «Она алласи» билан ухлаб, «Маша и медведь,» «Синий трактор» билан овунмоқда. Кичкинагина беш ёшли бола уяли телефондан қандай фойдаланиш кераклигини билади. Алданиб ўтирсин деб мультфильм қўйиб бериб, уй-рўзғор ишларини қиладиган оналар уларни беихтиёр шу телефонларнинг исканжасига ташлаб қўйилаётганини кеч англайди.

Маълумотларга кўра сўнгги вақтларда одамлар орасида «номофобия» деган «касаллик» кенг тарқалган. Айрим одамларнинг назарида одатий бўлиб кўриниши мумкин бўлган бу муаммо жуда катта хавф ҳисобланади. Тўғридан-тўғри таржима қилганда «мобиль телефонсиз қолиш» маъносини англатадиган бу гап аслида «телефонга қарам бўлиб қолиш»ни англатади. Бу иллатнинг, айниқса, ёшларимиз орасида кўпайиб кетиши ҳақиқий офатдир.

Мобиль телефоннинг яратилишини техника тараққиётининг инқилоби дейиш мумкин. Тўғри, ҳозир техника асри, техника имкониятлари чексиз, уни кўриб тугатиб бўлмайди. Ижтимоий тармоқлардаги янгиликлар, воқеалар, маълумотларнинг кўплиги шунчалик бир уммонга тушиб қолгандек сезасан ўзингни. Лекин, чексиз интернет, бепоён телефон имкониятларига ўрганиб қолиб, виртуал дунёда ёшлар соатлаб телефонга термилиб, кўз нури, соғлигидан айрилмоқда.

Мобил телефондан чиқаётган нур инсоннинг мия ҳужайраларига жиддий таъсир этиб, уни турли хавфли касалликларга дучор қилади. Лекин бугунги кунда телефон ёшларимиз, ўсмирларимиз ҳаётидаги муҳим воситалардан бирига айланган. Баъзи йигит-қизларнинг қўлидан куни бўйи, туни билан телефон тушмайди. Оилада эса ота-она, фарзандлар дастурхон атрофида ҳам телефонга тикилиши билан ўтириб, овқатланиб, бир-биридан ҳол сўраш деганни ҳам қўйган хонадонлар бор. Кимни изласанг инстаграммдан топадиган ҳолатга келиб қолдик.

Тиббий текширувларга кўра фарзандларини ёшлигидан телефонга ўргатган ота-оналар бу хатоси туфайли ўсиб келаётган ёш организмининг нурланишига йўл қўйиб, уларнинг мия фаолиятининг аста-секин бузилишига мойиллик пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат мунтазам такрорланса болалар ёшлигидан инжиқ, йиғлоқи, уйқуси нотинч бўлиб қолиши тасдиқланган.

Шунингдек, бола улғайган сари эса тез чарчайдиган бўлади, иммун тизими заифлашиб,  тез-тез шамоллаб ва кўзнинг кўриш қобилияти пасайиши кузатилади. Айниқса, мактаб ёшидаги болалар дарсларда диққат-эътиборни жамлашга қийналади ва дарсларни ўзлаштириш даражаси пасаяди. Бора-бора ўсмирлик даврида уяли телефонга берилиб кетиш, асабларнинг бузилиши, тез чарчаш ҳолатлари кузатилиб, бу эса ўсиб ривожланаётган ёш организм учун касалликларга мойилликни келтириб чиқаради.

Бош мия тўқималарининг шикастланиши, айрим тадқиқотчилар фикрича, бирдан эмас, балки орадан 15-20 йил ўтгач аниқ маълум бўлади. Шу сабабли улар яқин келажакда бош мия ўсмаси билан касалланган одамлар сони кескин ошиб кетади, деб ҳисобламоқда. Чунки ҳар куни атиги 15 дақиқа мобиль телефонда гаплашишнинг ўзи мияда саратон ўсмаси пайдо бўлиши учун етарли. Аммо, бизнинг болаларимиз, телефонга соатлаб тикилиши билан телефонга қарам бўлиб қолмоқда. Энг ачинарлиси, болалар телефонда нима кўряпти, нима билан банд, улар телефонда нималарни ўрганяпти, деган саволлар барчамизни ўйлантириши керак. Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида болаларга уяли сенсорли телефонлардан фойдаланишни чеклашмоқда. Масалан, Японияда болаларнинг уяли телефондан узоқлашиш йўллари жорий этилиб, уларни газета-журналлар, китоблар ўқишни яхши йўлга қўйган. Бизнинг юртимизда ҳам келажак авлоднинг китоб ўқиши, уларни китобхонликка ўргатиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Лекин, бу масалада ҳали ҳам ишларнинг такомиллаштирилиши талаб этилмоқда. Мен бошланғич синф ўқитувчиси бўлганим учун болаларга уяли телевидениенинг зарарли томонлари ҳақида тушунчалар бериб боришдан чарчамайман. Уларга китобнинг фойдаси ҳақида айтиб, синфимизда, мактабимизда китобхонлик бўйича мусобақалар ташкил этиб борамиз. Албатта, бу ишларимиз ўз самарасини бериб келгусида таълим-тарбия берган ўқитувчиларимиз орасидан билимли, илмли инсонлар етишиб чиқишига ишонамиз.

Фарзанд тарбияси бу ўқитувчи билан ота-онанинг биргаликда олиб борадиган муҳим вазифаси. Бугун телефонни бола бошқарса, эртага телефон болани бошқариб кетиши мумкин. Шунинг учун бу кечиктириб бўлмайдиган вазифани ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилиш бугун барчамизнинг кечиктириб бўлмайдиган вазифамиз ҳисобланади.

Роза Арзимова, Кегейли тумани 25-сонли умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги