Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги маданий ҳамкорлик ривожланмоқда

Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Қатарда бўлди.
Хизмат сафари давомида икки давлат маданият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, маданият ташкилотлари фаолияти билан танишиш ҳамда хорижий тажриба асосида миллий маданиятимизни янада кенгайтириш мақсадида бир қатор учрашувлар ташкил этилди.

Хусусан, Доҳа шаҳрида жойлашган “Қатар маданият қишлоғи” мажмуасига ташриф буюрилди ҳамда мажмуа фаолияти билан танишилди. “Қатар маданият қишлоғи” мажмуаси Доҳа шаҳридаги энг катта маданият ва санъат марказларидан бири бўлиб, маданият, санъат, театр, архитектура, рақамли тажрибалар ва халқаро тадбирларни бир ерда жамлаган ноёб маскан ҳисобланади. Мажмуада амфитеатр, 3 та санъат музейи, опера уйи, драма театри, турли миллатлар таомлари ва мавжуд ресторанлар фаолият юритмоқда. Мазкур мажмуада Қатар халқаро санъат фестивали, Қатар халқаро араб отлари фестивали, байроқ ва ҳарбий мусиқа фестивали каби йирик тадбирлар бўлиб ўтади.
Хизмат сафари давомида Баҳодир Аҳмедов бошчилигидаги делегация аъзолари Қатар давлат филармонияси оркестр раҳбари Курт Мейстер билан учрашди.
Учрашувда икки давлат филармониялари ўртасида ҳамкорлик қилиш, хусусан, Ўзбекистон ва Қатарда ташкил этилувчи халқаро маданий тадбирларда доимий иштирок этиш, қўшма концерт дастурларини ташкил этиш, шунингдек, икки давлат филармониялари ўртасида ҳамкорлик битимини имзолаш орқали аниқ тадбирлар режасини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

Шу билан бирга, делегация аъзолари ҳамда Доҳа шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов ҳамда Қатар маданият вазирлиги Халқаро ҳамкорлик департаменти директори Носир ал Малик ўртасида ҳамкорлик учрашуви ташкил этилди. Учрашувда Баҳодир Аҳмедов томонидан ўзбек миллий мақом санъатини Қатарда кенг тарғиб қилиш, қатарликлар учун мақом кечалари ва маҳорат дарсларини ташкил этиш, қўшма маданий тадбирлар ва гастрол сафарларини амалга ошириш таклиф қилинди.
Ўз ўрнида Носир ал Малик Қатар Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги масъуллари томонидан таклиф этилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши юзасидан тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.
Н.Усмонова,
ЎзА