Истеъмолчи ҳуқуқлари давлат ҳимоясида

Бугунги кунда айрим умумий овқатланиш корхоналари — кафе, ресторан, ошхона ва бошқалар томонидан Рамазон ойида «акция сетлар» (комплекс овқатлар тўплами) жорий қилиниб, уларни мажбурий тарзда таклиф этиш, шунингдек минимал нарх белгилаб, истеъмолчининг бошқа таом танлаш имкониятини чеклаш ҳолатлари кузатилаётгани аниқланмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 4-моддасига мувофиқ, истеъмолчи товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Қонуннинг 21-моддасига асосан эса сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга мажбурлашга ҳақли эмас.
Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналари хизмат кўрсатиш жараёнида — истеъмолчини «сет» кўринишидаги тўпламни олишга қистамаслиги, унга таомномадаги бошқа таомларни танлаш ҳуқуқини чекламаслиги, соғлиқ учун салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, жумладан аллергия чақирувчи маҳсулотлар мавжуд таомларни мажбурий равишда тўплам таркибида таклиф қилмаслиги лозим.
Қайд этилишича, Конституциянинг 65-моддасига мувофиқ, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси умумий овқатланиш корхоналарини қонун талабларига қатъий риоя этишга чақириб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилишини маълум қилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА