2026 йилги Давлат дастури билан 337 бандли амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланади

5

Устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури тасдиқланди. Ислоҳотлар дастурлари давлатимиз раҳбарининг халқимиз ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар ва 2026 йил учун энг устувор ислоҳотларни қамраб олган.

Хусусан, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш ҳамда ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик мувозанатни таъминлаш ва сувдан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ҳамда жамиятда бирдамликни таъминлаш орқали уни юксалтириш асосий йўналишлар сифатида белгилаб берилди.

Дастур билан 337 та банддан иборат амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланмоқда. 2026 йилда соҳалар кесимида энг муҳим 59 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва энг муҳим стратегик ислоҳотларни назарда тутувчи 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳалар кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. 5 миллиондан ортиқ фуқаро интернет орқали танишди, 22 мингдан зиёд таклиф билдирилди. ОТМ ва давлат идораларида 50 дан ортиқ муҳокама тадбирлари ўтказилиб, уларда 10 мингга яқин талаба, профессор-ўқитувчилар ва давлат хизматчилари иштирок этди. Шу билан бирга, хориждаги ватандошлар билан ҳам алоҳида мулоқотлар ташкил этилиб, қатор қўшимча ташаббуслар билдирилди. 1000 га яқин конструктив таклиф Давлат дастури лойиҳасига киритилди.

Таъкидлаш лозимки, ислоҳотлар дастурлари ва “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” Давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар, барча чора-тадбирлар янги иш ўринларини кўпайтириш, даромадларни ошириш, аҳоли фаровонлиги ва юрт фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА