Гюнай Эфендиева: муштарак мақсадлар сари бирлашмоқдамиз… (+видео)
Маълумки, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, сўнгги йилларда савдо, иқтисодиёт ва маданият соҳаларида жадал ривожланмоқда. Икки давлат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада ошириб, машинасозлик, энергетика, транспорт ва туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Айни кунларда юртимизда меҳмон бўлиб турган Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, Маданият қўмитаси раисининг ўринбосари, «Ўзбекистон маданияти элчиси» фахрий унвони ва медали соҳиби Гюнай Эфендиева кўплаб ҳамкорликдаги тадбирларда қатнашмоқда. Бугун Маданий мерос агентлиги томонидан Гюнай Эфендиева иштирокида пойтахтимизда жойлашган Адиблар хиёбонида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Мақсуд Шайхзода ҳайкаллари пойига гул қўйилиб, ёдга олинди.
Икки давлат раҳбарларининг таълим соҳасидаги ташаббуслари туфайли илмий ҳамкорлик имкониятлари чуқурлашиб, тобора кўпроқ қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда ва делегациялар мунтазам равишда алмашилмоқда. Шунингдек , ўзаро икки давлат ҳудудларида маданият ва адабиёт кунлари, кино ва ижодий ҳафталиклар, гастрол сафарлари, бадиий кўргазмалар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ҳамкорлик, айниқса, Буюк Ипак йўли анъаналари асосида ўзаро манфаатли бўлиб, минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги серқирра ва самарали алоқалар бугунги кунда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш йўлини ишонч билан давом эттириш имконини берувчи мустаҳкам пойдеворга эга.
Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА