ИИВ: Рамазон ойида хавфсизлик чоралари кучайтирилади

Муборак Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларидаги масжидларда кенг аҳоли иштирокида таровеҳ намозлари адо этилади. Бу жараёнда хавфсизликни таъминлаш жуда муҳим.
Шу йўналишда амалга ошириладиган ишлар ҳақида Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова маълумот берди:
– Рамазон ойи давомида юртимиз бўйлаб таровеҳ намозларида юртдошларимиз ва юртимиз меҳмонларининг кенг иштирок этиши кутилмоқда.
Бу жараёнда фуқароларнинг осойишталиги ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан зарур ташкилий ва хавфсизлик чоралари кўрилади.
Республикамизнинг 2 мингдан ортиқ масжидида таровеҳ намозлари 18 февраль куни соат 20:30 дан кейин ўқилиши режалаштирилган. Бу тадбирда ҳар куни тахминан 1 миллион нафарга яқин фуқаро ташриф буюриши кутилмоқда.
Намоз пайтида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун жами 20 минг нафарга яқин ички ишлар органлари, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар бўлинмалари ходим ва ҳарбий хизматчилари жалб этилади.
Масжидлар атрофи видеокузатув камералари билан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти мониторинг ва мувофиқлаштириш марказига интеграция қилинган.
Йўлларда хавфсизликни таъминлашга республика бўйлаб 2 500 мингга яқин йўл-патруль хизмати ходимлари жалб этилади. Ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда бевосита автомобиль йўлларига ёндош жойлашган масжидлар атрофидаги йўлларда транспорт воситалари ҳаракатини вақтинчалик чеклаш чоралари кўрилади.
Масжидларга кириш жойларида махсус бетон ёки металл тўсиқлар ўрнатилиб, 150 метр узоқликда алоҳида автотураргоҳлар ташкил этилади.
Фавқулодда ҳолатлар юзага келганда транспорт воситаларининг эвакуациясини ташкил этиш мақсадида объектлар олдига 200 дан ортиқ махсус техникалар жойлаштирилади.
Масжидлар атроф-ҳудудларида ташкил этилган автотураргоҳларда ўғрилик жиноятлари содир этилишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари ва миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат гуруҳлар патруллик қилади.
ИИВ юртдошларимиздан тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда, бир-биримизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, муборак ойни муносиб тарзда ўтказишни сўрайди.
Н.Абдураимова, ЎзА