Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги илк акустик лаборатория очилди (+видео)

Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида мамлакатда ишлаб чиқариш ва хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, истеъмолчи хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Бундан кўзланган асосий мақсад маҳсулот сифати ва стандартлар назоратини кучайтириш, ички бозорни сифатсиз товарлардан ҳимоя қилиш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан маиший электротехника жиҳозларининг шовқин даражаси ва акустик хавфсизлигини баҳолаш тартиби жорий қилинди. Акустик синовлар жиҳозлар фойдаланувчи учун хавфсиз ва қулай бўлишини, шунингдек нуқсон ва носозликларни эрта аниқлашни таъминлайди.
Маиший электротехника жиҳозлари — совутгичлар, кир ювиш ва идиш ювиш машиналари, кондиционерларнинг ортиқча шовқини инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Доимий фон шовқини стрессни оширади, диққат ва ухлашни бузади, бош оғриғи ва қон босимини кўтариши мумкин. Айниқса, болалар ва қариялар учун шовқин ривожланиш, хотира ва умумий фаровонликка салбий таъсир кўрсатади. Ҳатто замонавий “сокин” техника моделларининг 40–50 дБ шовқини ҳам узоқ муддатда ноқулай акустик муҳит яратади.
Бугун Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташаббуси билан Ўзбекистон илмий синов ва сифат назорати маркази қошида электротехника жиҳозларининг шовқин даражаси, яъни акустик параметрларини аниқлашга ихтисослашган замонавий синов лабораториясининг очилиш маросими бўлди.
Унда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров, Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Любомир Фреборт ва бошқалар иштирок этди.
– Мазкур лабораторияни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад республикада экспортга йўналтирилган электротехника маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш, халқаро стандартлар талабларига мувофиқ синовларни маҳаллий шароитда ўтказиш имкониятини яратиш ҳамда ички бозорни сифати кафолатланмаган маҳсулотлардан ҳимоя қилишдан иборат, – дейди Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров. – Лабораторияда электротехника жиҳозларининг шовқин даражасини аниқлаш бўйича 10 дан ортиқ ISO ва IEC халқаро стандартлари талаблари ўзлаштирилди. Умумий қиймати 1,6 миллион еврони ташкил этувчи ушбу лойиҳа доирасида юқори аниқликка эга замонавий ускуналар харид қилиниб, амалиётга жорий этилди. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ушбу лабораторияда 8 нафар малакали мутахассис фаолият юритади. Улар Европа мамлакатларида малака оширган ва йилига 1 500 дан ортиқ синовлар ўтказади. Ускуналар энг замонавий ва халқаро стандартларга мос келади.
Лабораторияда асосан қуйидаги ускуналар мавжуд. REV – (Reverberation) камера шовқин қувватини реверберацион муҳитда аниқлайди. SAC – (Semi-Anechoic) камера эркин фазога яқин шароитда шовқинни юқори аниқликда ўлчайди. SI – (Sound/Measurement System) микрофонлар, калибратор ва дастурий таъминот орқали маълумотларни йиғиш ва стандарт ҳисобот тайёрлашда фойдаланилади.
Лабораторияда 10 дан ортиқ ISO ва IEC халқаро стандартлари қўлланилади. Бу Марказий Осиёда биринчи лаборатория бўлиб, мамлакатда электротехника жиҳозларининг акустик параметрларини халқаро стандартларга мос равишда аниқлаш имконини беради.
–Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги саноат ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқди, – дейди Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Любомир Фреборт. — Аввало, шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мазкур лабораториянинг ташкил этилиши Чехия ва Ўзбекистон ўртасидаги саноат-техникавий ҳамкорликнинг муҳим натижаси. Лойиҳа Чехиянинг «EXPORTA s.r.o.» компанияси иштирокида амалга оширилди ва у миллий мувофиқликни баҳолаш инфратузилмасини ривожлантиришда стратегик аҳамият касб этади. Бу лаборатория нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун илк замонавий акустик синов маркази ҳисобланади. У халқаро ISO ва IEC стандартлари талаблари асосида ишлайди.
Бу эса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг Европа ва бошқа халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиради. Чехия Метрология институти ва Острава техник университети лойиҳада илмий-амалий ҳамкор сифатида қатнашди. Шунингдек, лаборатория ускуналарининг асосий қисми Даниянинг Brüel & Kjær компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, улар Европада эътироф этилган юқори аниқликдаги акустик ўлчаш воситаларидир.
Энг аввало, бу лойиҳа экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлайди. Акустик синовлар маҳсулот сифати ва хавфсизлигини халқаро стандартлар даражасида тасдиқлаш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги бозор эшикларини очади. Шу билан бирга, ички бозорни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш механизми кучаяди. Истеъмолчи ҳуқуқларини таъминлаш ва хавфсизлик стандартларига риоя этиш бугунги кунда жуда муҳим омил ҳисобланади.
Шаҳноза Маматуропова, Ҳамроз Баянов (видео), ЎзА