7 та ҳудудда “Касблар шаҳарчалари” ташкил этилади

16 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, маҳаллани ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган устувор ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Жумладан, маҳаллаларда 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш орқали қўшимча 100 мингта янги иш ўрнини яратиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштиришга 20 трлн. сўм маблағ йўналтириб, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш вазифалари белгиланди.
Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан 7 та ҳудудда илғор касбий маҳорат техникумларида “Касблар шаҳарчалари”ни ташкил этиб, улар орқали мактаб ўқувчиларини замонавий касбларга йўналтириш, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб техникумларда стипендия тўлаш амалиётини йўлга қўйиш, ҳудудларда 24 та малакани баҳолаш марказларини ташкил этиб, меҳнат бозорида тан олинадиган сертификат беришни жорий этиш касбларни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди.
М.Комилова, ЎзА