Хориждаги ватандошлар учун онлайн экскурсия
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитада Биродар шаҳарлар альянси ташаббуси билан «Хориждаги ватандошлар билан Ўзбекистон бўйлаб онлайн экскурсия» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир офлайн ва онлайн форматда ўтказилиб, унда вилоят ҳокимликлари, дўстлик жамиятлари ва ҳамкор ташкилотлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди вакиллари ҳамда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди.

Давра суҳбатининг асосий мақсади хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва янги имкониятлар ҳақида батафсил маълумот беришдан иборат бўлди.

Онлайн экскурсия формати орқали иштирокчилар мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий шаҳарлари, замонавий бунёдкорлик ишлари, туризм инфратузилмаси ва инвестициявий имкониятлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Онлайн мулоқот давомида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, хорижий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган видеороликлар намойиш этилди. Иштирокчилар томонидан Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш, хориждаги ватандошлар билан тизимли ишлаш механизмларини такомиллаштириш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланганидек, бундай мулоқотлар хориждаги ватандошларимизнинг ўз тарихий илдизлари, миллий қадриятлари ва она юрти билан узвий боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, улар учун Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларида бевосита иштирок этиш, ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйиш ҳамда инвестициявий ва ижтимоий ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим платформа вазифасини бажаради.
Тадбир якунида келгусида ҳам шу каби учрашувларни мунтазам ташкил этиш, хориждаги ватандошлар билан самарали ахборот алмашинувини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА