«Меҳрли мактаб» – шифо ва билим бир масканда

Қорақалпоғистон Тиббиёт институти матбуот хизматининг маълумотига кўра, институт клиникасида поликлиникалардан расмий йўлланма билан келиб, операциялар ва даволаш муолажалардан бепул баҳраманд бўлаётган бемор болаларнинг оқими кўпайди. Уларнинг таълимдан узилмаслиги учун клиника ичидаги махсус «Меҳрли мактаб» узоқ муддат даволанаётган болалар учун нафақат мактаб, балки умид ва қўллаб-қувватлаш масканига айланмоқда.
Бу ерда гематология, онкология, клиник иммунология ва бошқа касалликлар билан даволанаётган барча болалар таълимдан узилиб қолмайди. Даволаниш жараёнида ҳам улар мактабгача ва умумий ўрта таълимни давом эттириб, дарсларини давом эттириш имкониятига эга бўладилар.
Машғулотлар болаларнинг саломатлигини ҳисобга олган ҳолда қисқа, қулай ва индивидуал ёки гуруҳ тарзида ташкил этилади. Асосий фанлар бевосита ўқитилади, қолган дарслар эса онлайн платформалар жумладан Zoom орқали олиб борилади.
Дарсдан ташқари расм чизиш, шахмат-шашка, қўл меҳнати, караоке ва турли тўгаракларда шуғулланиб, ўз қизиқишларини ривожлантирадилар. Мактаб психологи эса болалар ва ота-оналарга руҳий ёрдам кўрсатади.

Энг муҳими болалар даволанади, соғаяди ва шу билан бирга таълимдан четда қолмайди. «Меҳрли мактаб» уларга саломатлик билан бирга келажак учун билим ҳам беради.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги