Элдор Арипов Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида: Марказий Осиё глобал хавфсизлик бўйича мунозарага ижобий ҳисса қўшишга қодир

13

Жорий йилнинг 14–15 февраль кунлари Мюнхен шаҳрида (ГФР) бўлиб ўтган Хавфсизлик бўйича 62-Мюнхен конференцияси доирасида ушбу платформа тарихида биринчи марта Марказий Осиё тинч трансформация, барқарор ривожланиш ва минтақавий масъулиятнинг ўзига хос моделига эга яхлит минтақа сифатида тақдим этилди.

Бу фикр Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ (Озарбайжон) ва Каспий сиёсати маркази (АҚШ) томонидан ташкил этилган тадбирлардаги мунозаралар доирасида билдирилди.

Сессияларнинг асосий маърузачилари ва иштирокчилари орасида Саудия Арабистони Қироллиги Ислом тадқиқотлари маркази директорлар кенгаши раиси Турки Ал-Файсал бин Абдулазиз Ал Сауд, БМТ Бош котиби ўринбосари Мигель Анхель Моратинос, ЮНКТАД Бош котиби Ребека Гринспан, Австрия собиқ федерал канцлери Себастьян Курц, Европа тинчлик институти президенти Хельга Шмид, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стрипрайс ва бошқалар бор.

Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов иштирок этди. Уларнинг нутқлари сўнгги ўн йил ичида можаролардан барқарор ҳамкорликка ўтишга муваффақ бўлган Евроосиёнинг кам сонли минтақаларидан бири сифатида Марказий Осиёни муҳокама қилишнинг концептуал асосини яратди.

Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ сессиясида сўзга чиққан СМТИ директори Элдор Арипов Мюнхен конференциясида Марказий Осиё бўйича алоҳида, мазмунли мунозара пайдо бўлишининг ўзи жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

«Узоқ вақт давомида Марказий Осиё асосий таҳлилий ва сиёсий эътибордан четда қолди. Минтақа ҳақидаги маълумотлар узуқ-юлуқ ва эскирган эди. Бугун биз Марказий Осиёни нафақат ўзи ўзгарган, балки глобал хавфсизлик муҳокамасига ижобий ҳисса қўшишга қодир минтақа сифатида биринчи марта тилга олмоқдамиз», — деди Элдор Арипов.

Унинг таъкидлашича, минтақанинг трансформацияси глобал миқёсда кескинлашув ва қутбланиш жараёнлари кучаяётган бир шароитда айниқса яққол намоён бўлмоқда. Дунёнинг кўплаб ҳудудларида беқарорлик ортиб бораётган бир пайтда, Марказий Осиё муқобил ривожланиш траекториясини — мулоқот, прагматизм ҳамда «ноль йиғиндили ўйин» мантиғидан воз кечиш тамойилларига асосланган ёндашувни намойиш этмоқда.

СМТИ директори ўн йил олдин ҳам минтақа ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган ҳудудий ва сув низолари, вақти-вақти билан содир бўладиган қуролли ҳодисалар ва чегаранинг миналаштирилган участкалари билан боғлиқ бўлганини эслатди. Буларнинг барчаси миллионлаб одамларнинг ҳаётига бевосита таъсир кўрсатди.

Бугун вазият бутунлай бошқача.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий савдо икки баравардан зиёд кўпайди, ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб беш баравар ошди, аҳолининг трансчегаравий ҳаракатчанлиги минтақа ўнлаб йиллар давомида кўрмаган даражада тикланди. COVID-19 пандемияси даврида ҳам минтақа мамлакатлари ҳаётий муҳим товарларни етказиб бериш учун чегараларни очиқ қолдиргани — жамоавий барқарорлик ва ўзаро ишончнинг ифодаси сифатида эътиборга лойиқдир.

«Марказий Осиёнинг асосий сабоғи шундаки, география эмас, сиёсий тафаккур ўзгарди. Энг юқори даражадаги сиёсий ирода асосий омил бўлди. Ўзбекистон Президенти қарама-қаршилик ўрнига барқарорлик ва тараққиёт фойдасига онгли танлов қилди ва минтақанинг барча етакчилари томонидан қабул қилинган формулани таклиф қилди: барқарор ривожланиш фақат ўзаро манфаатлар асосида амалга ошиши мумкин», — деди СМТИ директори.

Э.Арипов, шунингдек, минтақадаги хавфсизлик фақат ҳарбий нуқтаи назардан кўриб чиқилмай, ривожланиш, ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий ўзаро боғлиқлик натижаси сифатида қайта кўриб чиқилганини таъкидлади. Маърузаларда маҳаллий ҳамжамиятларнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.

Айнан шу ёндашув ўтган йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Фарғона тинчлик форумининг асоси бўлди. Фарғона мулоқоти ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар биргаликда ишлайдиган платформага айланди.

Ушбу мавзунинг мантиқий давоми Каспий сиёсати маркази томонидан ташкил этилган майдонда ўтказилган муҳокама бўлди, унда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг Ўрта коридор контекстида ортиб бораётган ўзаро боғлиқлиги масаласи муҳокама қилинди.

Элдор Арипов ўз нутқида икки минтақа ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши Евроосиёда чуқур таркибий ўзгаришларни акс эттиришини таъкидлади. Ўзбекистон Президенти ушбу янги стратегик ўлчомни биринчилардан бўлиб тан олгани ва Озарбайжонни Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлиги доирасига киритишни таклиф қилгани алоҳида қайд этилди.

Мюнхендаги Ўзбекистон вакилларининг нутқлари Марказий Осиё тобора кўпроқ муаммонинг манбаи эмас, балки ечимнинг бир қисми сифатида қабул қилинаётганини кўрсатди. Конференция доирасида Европанинг етакчи институтлари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди. Келгуси йилда Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида Марказий Осиё овозини тўлиқ ифода этишга қаратилган алоҳида кенг кўламли тадбир ўтказишга келишиб олинди.

Маълумот учун:

Мюнхен хавфсизлик конференцияси — глобал хавфсизликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун энг нуфузли халқаро платформалардан бири.

Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ — халқаро муносабатлар ва минтақавий хавфсизликка ихтисослашган Озарбайжоннинг етакчи таҳлилий маркази.

Каспий сиёсати маркази (Caspian Policy Center) — Америка таҳлилий маркази бўлиб, Каспий минтақаси ва Марказий Осиёдаги энергетика хавфсизлиги ва геосиёсат масалалари билан шуғулланади.

Ўрта коридор (Middle Corridor) — Осиё ва Европани Каспий денгизи, Жанубий Кавказ ва Туркия орқали боғлайдиган транспорт йўли.

ЎзА