Ёшлар мардлик майдонида беллашди

22

Қорақалпоғистон Республикасида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Турон йўлбарслари» ҳарбий-спорт мусобақасининг Республика босқичи юқори савияда ташкил этилди.

Мазкур мусобақада ҳудудий саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган жами 21 та жамоа ўзаро куч синашди.

Мусобақа дастури бир нечта мураккаб ва масъулиятли шартларни ўз ичига олди. Хусусан, «Темур тузуклари» билимдони шарти орқали иштирокчиларнинг тарихий билимлари, мантиқий фикрлаш қобилияти ҳамда тезкор хулоса чиқариш кўникмалари синовдан ўтказилди. Ҳарбий-амалий йўналишдаги камондан ўқ отиш, спорт қуролидан нишонга аниқ зарба бериш, қуролни тўлиқ бўлмаган қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш каби шартлар ёшларнинг чаққонлиги, аниқлиги, техник тайёргарлиги ҳамда жисмоний чиниққанлигини намоён этди.

Шунингдек, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш шарти орқали ўқувчиларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш, тезкор ва самарали ҳаракат қилиш кўникмалари баҳоланди. Мазкур шарт мусобақанинг энг масъулиятли босқичларидан бири бўлиб, иштирокчилардан нафақат назарий билим, балки амалий маҳоратни ҳам талаб қилди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан энг кучли жамоалар аниқланди. Якуний натижаларга кўра Нукус шаҳридаги Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабининг «Лочинлар» жамоаси – 1-ўрин, Қораўзак тумани ихтисослаштирилган мактабининг «Тербенбес» жамоаси – 2-ўрин, Нукус шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг «Жайхун» жамоаси – 3-ўринга лойиқ кўрилди.



Мусобақада ғолибликни қўлга киритган «Лочинлар» жамоаси «Турон йўлбарслари» ҳарбий-спорт мусобақасининг кейинги босқичида Қорақалпоғистон Республикаси шарафини муносиб ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги