Шоир ижодига бағишланган анжуман ўтказилди

Шоир, саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили бўлиши билан бирга унинг ижодида рубоийлар алоҳида ўрин тутади. У ўз асарларида инсоннинг ички кечинмалари, Ватан соғинчи, ишқ-муҳаббат масалаларини ибратли тарзда тасвирлаган. Орадан қанча йиллар ўтса ҳам унинг чуқур маънога эга асарлари ўзининг қадр-қиммати билан халқимиз қалбида яшаб келмоқда.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида шоир ва давлат арбоби, саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишлаб илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирни университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори О.Дуйсенбаев очди ва олиб борди.
Конференцияда шоир ижоди бўйича маърузалар тингланиб, унинг бой ижодий ишлари ҳақида сўз юритилди. Қорақалпоғистон халқ шоири А.Утепбергенов шоирнинг рубоийларидан парчалар ўқиб, Ватан соғинчи, муҳаббат ҳақида асарлари чуқур фалсафий маънога эга эканлигини таъкидлади.

Тадбир давомида талаба-ёшлар ижросидаги куй-қўшиқлар, рақслар ва саҳна кўринишлари тадбирга ўзгача завқ бағишлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги