2025 йилда 3,3 минг гектарга яқин майдонда ҳимоя ўрмонзорлари яратилган

Ўтган йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизда 403 гектардан ортиқ жойда “яшил белбоғ”, “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклар” барпо этилган.
Шунингдек, чўлланиш ва қум кўчиши, сув ва тупроқ эрозиясининг олдини олиш ҳамда экологик муҳитни яхшилаш мақсадида қарийб 3,3 минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари яратилган. Ўрмон хўжаликларида 35,7 миллиондан ортиқ кўчат ва ниҳоллар етиштирилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг “2025 йилда бюджет харажатларининг мақсадли индикаторлари ижроси бўйича амалга оширилган ишлари тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, қўмита томонидан давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш натижасида атроф-муҳитни ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришларини юмшатиш ҳамда чўлланишга қарши курашишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилган.

Хусусан, ўтган йилда иқтисодий аҳамиятга эга бўлган 70 турдаги ёввойи ўсимлик, 91 турдаги ҳайвонлар давлат кадастрига киритилган. Шу орқали биохилма-хилликни сақлаш, ноёб турларни муҳофаза қилиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилган.
Санитар тозалаш дастури доирасида 18 та чиқинди полигони рекультивация қилиниб, тупроқ қатлами билан ёпиш ишлари амалга оширилган. Бу эса чиқиндиларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, аҳоли пунктларида экологик ҳолатни яхшилашга хизмат қилмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар давлат бюджети харажатлари учун ажратилган маблағларнинг тўлиқ ўзлаштирилмаганлик ҳолатларига эътибор қаратди. Шу билан бирга, табиатни муҳофаза қилишда бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича бир қатор таклифлар берилди.
М.Комилова, ЎзА