Ўзбекистон ва Япония: кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда
Ҳамкорлик доирасида ёшларнинг малакасини ошириш, уларни япон тили ва касб-ҳунар бўйича тайёрлаш ва халқаро меҳнат бозорида муносиб иш ўринлари билан таъминлашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бундай ташаббуслар нафақат Ўзбекистон ёшлари учун янги имкониятлар эшигини очади, балки мамлакатимиз ва Япония ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлайди.
Мамлакатимиздаги Япония элчихонаси томонидан Ўзбекистон фуқароларини тил ва касбга ўқитиш, шунингдек, уларни хорижда юқори даромадли ва муносиб иш ўринлари билан таъминлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Яқинда Япониянинг “Joho Venture Cooperative” ва “Orange” компаниялари раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида ўтказилган учрашувларда шу ҳақда сўз борди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети раҳбарияти иштирок этган тадбирларда ҳамкорлик истиқболлари таҳлил этилди.
Музокаралар якунида “Orange” компанияси ва Қорақалпоқ давлат университети ўртасида япон тили ва касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди. Мазкур марказда таълим жараёни бепул асосда ташкил этилиб, ўқитишга Япониядан малакаси юқори мутахассис-ўқитувчилар жалб қилиниши режалаштирилган.
Ушбу ташаббусларни амалга ошириш доирасида “Orange Karakalpakstan” компанияси расман давлат рўйхатидан ўтказилди. Компания япон тили ва касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда кадрлар тайёрлаш жараёнларини мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
Айни кунларда шундай марказни Жиззах вилоятида ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА