Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди (+видео)

9 февраль – буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан “Адиблар хиёбони” байрамона безатилди ва шоир ҳайкали пойида адабий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, дипломатлар, хорижий меҳмонлар, адабиётшунос олимлар, ижодий ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари тўпланишди. Алишер Навоий ижодига оид янги китоблар намойиш қилинди. Япония, Хитой давлатидан келган талабаларнинг Алишер Навоий ғазалларини соф ўзбек тилида айтилиши жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид очиб берди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшунқул Чотонов, италиялик меҳмон Сандро Тети нутқи тингланди. Италиялик меҳмон “Лисон ут-тайр”, яъни “Қушлар тили” достони илк бор итальян тилига таржима қилиниб, ушбу давлатда чоп этилгани билан юртдошларимизни табриклади.
Шундан сўнг таниқли навоийшунос олим, Алишер Навоий фонди директори Олимжон Давлатовнинг фонд томонидан 2025 йилда Алишер Навоий ижодини жаҳон миқёсидаги тарғиботига бағишланган ишлар ҳақидаги маълумотлари тингланди.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар сўз мулкининг султони Алишер Навоий ижодиёти, Навоий даҳосининг жаҳон миқёсидаги эътирофи ҳақида сўзлаб бердилар. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида тобора ривожланиб бораётган маданий-гуманитар ҳамкорликлар ҳамда 2025 йилда Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали барпо этилгани ҳақида айтилди.
Тадбир якунида иштирокчилар Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
Шундан сўнг Адиблар хиёбонида ёзувчи ва шоирлар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида адабиёт ва китобхонлик тадбирлари бўлиб ўтди.
Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА