«Экран ортидаги тузоқ»: чўнтагимиздаги «казино»нинг найранглари ҳақида

10

Бугунги кунда ҳар бир инсоннинг чўнтагида дунёдаги энг хавфли «казино» жойлашган. У назоратсиз ва тун-кун ишлайди. Тасаввур қилинг, сиз қоронғи бир хонадасиз. Қаршингизда дунёдаги энг ақлли, энг ҳиссиз ва ҳеч қачон чарчамайдиган математик алгоритм турибди. У сизнинг қачон ҳаяжонланишингизни, қачон таваккал қилишингизни ва қайси пайтда умидингиз сўниб бораётганини ҳам билади. Экрандаги тугмалар босилиши сизни «омад»га эмас, балки янада чуқурроқ психологик тузоққа олиб киради. Онлайн қимор шунчаки пул йўқотиш эмас, балки инсон иродаси ва руҳиятига таъсир қилувчи улкан кучдир.

Бугунги кунга келиб тотализаторларнинг минглаб турлари пайдо бўлди. Сир эмаски, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари доимий равишда ана шундай онлайн қимор платформаларининг рекламаларига гувоҳ бўлишади. «Киринг ва тезда бойиб кетинг» шиорига алданиб, онлайн қимор асирига айланаётган ёшлар, ўсмирлар ҳам кам эмас. Шундан экан, онлайн қимор ортидан келадиган хатарлар барчамизни ҳарқачонгидан ҳам ҳушёр ва иродали бўлишга ундайди.

Тотализаторлар орқали мўмай даромад топмоқчи бўлган инсон илк бор кичик ютуқни қўлга киритгач, унинг хаёлида шундай «портлаш» юз берадики, айни шу ютуқли лаҳзани яна бир бор ҳис қилиш учун қайта ва қайта пул сарфлайверади. Йўқотилган маблағнинг ўрнини қоплаш учун ҳам яна ва яна онлайн қиморга мурожаат қилаверади. Бу жараённинг охири йўқ, чунки тизим шундай ишлайди. Юқорида таъкидлаганимиздек, у қачон ҳаяжонланишингиздан тортиб, таваккалга мойиллигингиз, қайси пайтда умидсизланишингизни ҳам сезади.

Онлайн қимор фақатгина чўнтагингизни «қуритадиган» восита эмас. У хотиржамлигингизни, оилангизнинг сизга бўлган ишончини ва энг муҳими ўзлигингиздан айирувчи душмандир.

Ушбу мақолада экран ортидаги тузоқнинг яширин ҳақиқатлари, нима учун онлайн қиморда ютиб бўлмаслиги ва тотализатор тузоғидан қандай чиқиш мумкинлиги ҳақида гаплашамиз.

«Ҳаммаси назоратим остида», деб ўйлаш аллақачон онлайн тузоқдалигингиз далолати

Бугунги кунда онлайн қимор глобал миқёсдаги улкан молиявий империяга айланиб улгурди. 2026 йилги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб онлайн қимор бозорининг капиталлашуви 143 миллиард доллардан ошиб кетган. Ушбу молиявий механизмнинг ортида шунчаки статистик маълумотлар эмас, балки барбод бўлаётган ўн минглаб тақдирлар ётибди. Ҳозирга келиб, онлайн қимор империяси одамларни ўзининг глобал «ўргимчак тўри»га илинтириш учун сунъий интеллект ва нейромаркетинг технологияларидан кенг фойдаланмоқда.

Фойдаланувчи ўз смартфонида қиморга пул тикаётган лаҳзада, дунёнинг бошқа бир чеккасидаги суперкомпютерлар унинг хулқ-атворини секундига миллионлаб марта таҳлил қилиб, қайси вақтда «ютуқ иллюзияси»ни беришни ҳисоблаб чиқади.

Ушбу таҳлилий тизим инсон миясининг энг заиф нуқталарини нишонга олади. Биринчи марта кутилмаган ютуқ келганда, мия нейронлари орасида мисли кўрилмаган «дофамин бўрони» бошланади. Шундан сўнг, ўйинчи онгли равишда эмас, балки биологик инстинктлар даражасида ўша лаҳзани такрорлашга интила бошлайди. Тизим эса буни жуда яхши билади. У сизни буткул таслим бўлишингизга йўл қўймайди, балки вақти-вақти билан кичик маблағларни «қайтариб бериб», миянгиздаги ёлғон умид оловини ёқиб туради. Инсон ўзини бойиб кетиш арафасида тургандек ҳис қилган лаҳзада, аслида у триллионлаб долларлик саноатнинг навбатдаги «ёнилғиси»га айланиб улгурган бўлади. Бу психологик қуллик занжири шундай пишиқ тўқилганки, инсон қанчалик чуқурроқ ботганини англаганда, кўпинча молиявий ва маънавий ресурслари аллақачон тугаб бўлган бўлади.

Бу жараён фақат бир кишининг шахсий фожиаси билан чекланиб қолмайди, балки жамиятнинг энг муҳим бўғини — оила мустаҳкамлигига ҳам зарар етказади. Онлайн қиморга муккасидан кетган шахс яқинларининг молиявий ёрдамини худди ўйин учун навбатдаги имкониятдек кўра бошлайди. Иқтисодий жиҳатдан эса, онлайн қимор оқибатида мамлакатимиздан ташқарига чиқиб кетаётган юзлаб миллион долларлар нафақат ўша ўйинчининг ҳамёнини, балки миллатнинг умумий фаровонлигини ҳам кемиради.

Реклама ортидаги хиёнат

Ушбу ботқоқнинг чуқурлашиб бораётганига сабаб бўлаётган яна бир оғриқли нуқта бор. У ҳам бўлса ижтимоий тармоқларда минглаб, миллионлаб обуначиларга эга бўлган айрим «блогерлар»нинг ўз кузатувчиларини мунтазам равишда онлайн қиморга тарғиб қилишидир. Энг ачинарлиси, улар бу ҳалокатли ўйинларни «бахтли ҳаёт калити» сифатида тақдим этиб, ўз ватандошларининг фожиаси устига ҳашаматли ҳаёт қуришдан уялишмаяпти.

Бир тийинга қиммат жекпотлар баҳоси

Рақамли экранлар ортидаги ялтироқ дунёнинг ҳақиқий баҳоси баъзан инсон ҳаёти билан ўлчанади. Дунё миқёсида ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, онлайн қиморга қарам бўлган инсонлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражаси бошқа ҳар қандай турдаги тобеликка нисбатан бир неча баробар юқори.

Сўнгги бир неча йил ичида мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари орқали онлайн қимор сабабли юз берган ўнлаб мудҳиш ҳолатлар ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушгани ҳам бор гап.

«Рақамли қопқон»дан қандай озод бўлиш мумкин?

Қимор ўйинларидаги руҳий қарамликдан қутилиш — бу шунчаки ўйин платформасини смартфонингиздан ўчириб ташлаш билан ҳал бўлмайди. Бу тузоққа тушиб қолган инсонлар қуйидаги қатъий қадамларни кечиктирмасдан амалга ошириши лозим бўлади.

Мағлубият ва қарамликни тан олиш. Энг қийин, аммо энг муҳим қадам — бу мағлубиятни тан олишдир. Ютқазилган пуллар ўрнини қимор ўйнаб тўлдириш ҳақидаги хаёлларни тўхтатиш шарт. Бой берилган маблағлар қилинган хатолик учун тўланган бадал деб ҳисоблаш ва ортга қайтмаслик энг тўғри йўлдир.

Молиявий ва техник тўсиқлар ўрнатиш. Ирода ҳар доим ҳам алгоритмларга қарши тура олмайди, шунинг учун тўсиқлар яратиш шарт. Барча қимор иловаларини ўчириш, сайтларни блоклаш ва энг асосийси молиявий назоратни яқинларга топшириш лозим. Маълум муддат банк пластик карталари бошқарувини, ойлик маошни ва барча харажатларни ишончли оила аъзолари назоратида бўлиши онлайн қимор қарамлигидан халос бўлишда ёрдам беради.

Мунтазам бўш вақт — қиморнинг энг яқин дўсти

Мия қимордан оладиган сунъий ҳаяжонга ўрганиб қолганидан сўнг, оддий ҳаёт зерикарли бўлиб кўринади. Буни енгиш учун мияни уни табиий дофамин билан таъминлаш зарур. Масалан, спорт билан шуғулланиш, китоб ўқиш ёки янги ҳунар ўрганиш орқали мияни меҳнат эвазига келадиган табиий роҳатга кўниктириш онлайн қимор қарамлигидан қутилишга ёрдам беради.

Шунингдек, бу жараёнда яқинлар кўмаги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Руҳий тобеликдан ёлғиз қутилиш қийин. Онлайн қимор оқибатида орттирилган муаммоларни яқинлардан сир тутиш қарамликдан қутилишга тўсқинлик қилиши мумкин. Аксинча, мавжуд ҳақиқатни оила аъзолари билан бўлишиш орқали уларнинг ишончини қайта тиклаш ва оилавий маслаҳатлашув эвазига муаммони бартараф этиш осон кечади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, онлайн қимор — бу ҳеч қачон ютиб бўлмайдиган ўйин. Унда ютишнинг ягона йўли — ўйнамасликдир. «Менинг фарзандим бундай қилмайди» деган ишонч билан эмас, балки ҳушёрлик ва доимий мулоқот билан бу иллатга қарши курашиш самаралидир. Унутманг, энг катта «жекпот» — бу тинч оила, ҳалол меҳнат билан топилган баракали ризқ ва кўнгил хотиржамлигидир. Эркинлигингизни рақамларга, келажагингизни эса тасодифларга топшириб қўйманг.