Йўл ҳаракати билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш қўлланилади

Қонун (ЎРҚ–1116-сон, 04.02.2026 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақида «Ҳуқуқий ахборот Telegram-канали хабар берди.
Унда айтилишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилиши белгиланган.
«Маъмурий огоҳлантириш ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирган ҳолда унга расмий танбеҳ беришдир. Маъмурий огоҳлантириш ёзма (электрон) равишда қўлланилади», — дейилади хабарда.
Маъмурий огоҳлантириш Кодекс 125-моддасининг 1- ва 2- қисмларида, 128 (прим 1), 128 (прим 2), 128 (прим 6), 135 (прим 1)-моддалари ҳамда 138-моддаси 1- ва 2-қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларга нисбатан қўлланилади.
Бунда шахс ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганда, шунингдек Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари бўлмаганда, маъмурий жазо чорасини қўллашга ваколатли орган томонидан қўлланилади. Маъмурий огоҳлантириш айни бир шахсга нисбатан 1 йил давомида 1 мартадан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас.