Улуғ шоир ижодига бағишланди

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда бўлиб тарихда ўз ўрнига эга шахсдир.
Бобур ўзининг кенг дунёқараши ва етук тафаккури билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида ном қолдирган бўлса, бадиий ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан дунёнинг машҳур тарихчи олимлари қаторидан ҳам ўрин олди. Унинг ғазаллари ва рубоийлари туркий шеъриятнинг энг нодир дурдоналари ҳисобланади.
Сўз заргари ва буюк саркарданинг 9 февраль таваллуд куни ва 543 йиллиги жойларда кенг нишонланмоқда.
Тахиатош туманидаги ҳарбий қисмда ҳам шоирнинг туғилган куни муносабати билан адабий кеча ва танлов ташкил этилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, «Нуроний» жамғармаси ва Ахборот кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилган «Буюк аждодларимиз изидан» номли кўрик-танловда тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.
Танловда шоир асарлари ва унинг ижодий йўли ҳақида саволлар берилиб, ўқувчи ёшларнинг билим даражаси синовдан ўтказилди. Шунингдек, кечада ўқувчилар шоир асарларидан парчалар ўқиб, саҳна кўринишлари ташкил этилди.

Танлов якунида ғолиб ва фаол ўқувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги