Маданий мерос соҳасида давлат бошқаруви ваколатлари аниқлаштирилмоқда

5

Мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизими изчил такомиллаштириб борилмоқда.

Хусусан, мазкур соҳада фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг тузилмаси, вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилиб, уларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, амалдаги қонун ҳужжатларида вазирлик ва идоралар ваколатларининг такрорланиши, айрим зиддиятли нормалар ва ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги соҳада аниқ ва ягона ҳуқуқий ёндашувни шакллантириш заруратини келтириб чиқармоқда.

Қонунчилик палатаси мажлисида Маданий мерос агентлиги ваколатларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳасида республика ижро этувчи ҳокимият органларининг маданий мерос соҳасидаги ваколатларини аниқ белгилаш, уларни тизимлаштириш ва қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, Маданият вазирлиги ва Маданий мерос агентлигининг моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари аниқ тақсимланмоқда. Археология тадқиқотлари, тарихий-маданий экспертиза, давлат кадастрини юритиш, музейлар фаолияти, шунингдек, маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб кириш билан боғлиқ ваколатлар Маданий мерос агентлигига бириктирилмоқда. Номоддий маданий мерос объектларининг муҳофазаси эса  Маданият вазирлиги зиммасига юклатилмоқда.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, қонунчиликдаги зиддият ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ҳамда соҳадаги ваколатли органлар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА